Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда вабо касаллигига қарши қандай профилактик ишлар амалга оширилмоқда?
11:16 / 2022-07-24

Вабо касаллиги вибрион микроорганизмлари келтириб чиқарадиган ўта хавфли юқумли ичак касалликлари турига киради.

Касаллик ингичка ичакнинг зарарланиши, диарея билан кечади, бу инсон организмида сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, вабо профилактикасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ифлосланган оқава сувларни мунтазам равишда зарарсизлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда санитария-гигиена қоида ва талабларига қатъий равишда амал қилишнинг аҳамияти катта. 

Мамлакатимизда вабонинг олдини олиш ва тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида Санитария-эпидемиология хизмати томонидан олиб борилаётган тадбирлар, аҳолини санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга йўналтирилган бўлиб бундай ишлар мунтазам амалга ошириб борилади. 

Республика бўйича амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар натижасида ўлат, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби карантин ва ўта ҳавфли юқумли касалликлар, жумладан вабо касаллигини республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмади. 

Касаллик мавсумий хусусиятга эгалиги сабабли, иссиқ кунлар мавсумида, ҳар ҳафтада очиқ сув ҳавзаларидан намуналар олиниб, вабо вибрионлари ва шу оилага яқин вибрион (АГ ва НАГ вибрионлар)ларга текширилиши амалга ошириб келинади. АГ вибрионлари – бу тўғридан тўғри вабо касаллигини келтириб чиқарадиган вибрионлар саналади. 

НАГ вибрионлари – бу серогуруҳларнинг вибрионлари очиқ сув ҳавзаларида табиий равишда учрайдиган ва турли даражадаги ўткир ичак юқумли касалликлари (ЎИЮК) қўзғатувчиси сифатида кенг тарқалган. 

Республикамизда доимий равишда ташқи муҳит очиқ сув ҳавзаларидан АГ, НАГ вибрионларига лаборатория текширишлари ўтказилиб турилади. Лаборатория таҳлилларида бундай вибрионлар аниқланган ҳудудларда касалликнинг аҳоли ўртасида келиб чиқиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилади. 

Жумладан, юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларни Соғлиқни сақлаш вазирининг амалдаги буйруқлари талаблари асосида вабога текширилиши ташкил этилади. Касаллик мавсумида ҳар бир диарея касаллигига чалинган беморлар юзасидан чуқур эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилади.  

Санитария-эпидемиология хизматининг махсус лабораториялари вабо касаллигини ташхисоти бўйича намуналарни мунтазам олиб таҳлил қилмоқда. Бунинг учун керакли жиҳозлар, реактивлар ва озуқа муҳитлари билан етарли миқдорда таъминланган, лаборатория мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган. 

Шунингдек мавсумда ўткир ичак юқумли касалликларнинг сонини ортишини инобатга олган ҳолда касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган.

Санитария-эпидемиология хизмати томонидан ўта хавфли юқумли касалликлар, жумладан вабо касаллигини тарқалашини олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва профилактик чора-тадбирлар қатъий назоратга олинган.  Бугунги кунда, вабо касаллиги республикамизда қайд этилмаган, эпидемик вазият барқарорлиги таъминланмоқда. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА