Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда Тяншан қўнғир айиғини овлашга рухсат бериладими?
12:12 / 2021-10-30

Ҳайвонот дунёси табиатнинг ажралмас қисми сифатида инсоният ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ўзининг бой ҳайвонот оламига эга бўлган мамлакатимизда ҳар бир жониворнинг табиатда ўз ўрни бор.

Афсуски, очиқдан-очиқ, баъзида яширинча қилинган ов ҳамда барконерлик ҳаракатлари кўпгина ҳайвонларнинг кескин камайиб кетиши, баъзиларининг эса бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келмоқда. Ўзбекистон “Қизил китоби”нинг саҳифалари кенгайиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган «Экологик назорат рейдларида аниқланаётган ҳолатлар ва браконьерликка қарши кураш» мавзусидаги матбуот анжуманида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари томонидан мавзуга оид маълумот тақдим этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёввойи ҳайвонларни овлаш ва «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларни табиатдан ажратишнинг белгиланган тартиблари мавжуд.

«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир 2022 йил учун талабномалар жисмоний ва юридик шахслар томонидан жорий йилнинг 1 ноябридан 15 ноябрига қадар Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилади. Улар 25 ноябрга қадар Фанлар академиясига юборилади.

Фанлар академияси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳаси бўйича хулосани 5 декабрга қадар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тақдим этади. Экология қўмитаси 10 декабрга қадар ушбу хулоса асосида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни тасдиқлайди. Квотани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органларига юборади.

Қайд этилишича, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги ҳамда қўшимча квота Ўзбекистон Экология қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. «Қизил китоб»га киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвон турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олиш алоҳида тартибда Фанлар академиясининг хулосаси, Вазирлар Маҳкамаси қарори, Экология қўмитаси рухсатномаси билан амалга оширилади.

Мамлакатимиз ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши, тўлов ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ҳайвон учун киритилади. Шунингдек, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда, Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган сутэмизувчилар турлари бўйича алоҳида тўлов миқдорлари белгиланган.

Жумладан, Тяншан қўнғир айиғини илмий, тиббий ва назорат мақсадида тутиш учун ўзбекистонликларга БҲМнинг 80 баравари, спорт, ҳаваскорлик ва ўлжа олиш мақсадида тутиш учун эса БҲМ нинг 100 баравари белгиланган. Хорижлик фуқароларга эса ушбу ҳайвонни ов қилишнинг барча турлари бўйича тутишга 3 минг доллар миқдорида тўлов белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида” ги қонунига кўра, ов қилиш табиий эркинлик ҳолатида яшаётган ёввойи ҳайвонларни тутиш мақсадида уларни излаш, уларнинг изига тушиш ва уларни таъқиб қилиш, тутишга уриниш ёки тутиш (отиш, тутиб олиш) демакдир. Аммо овчилик хўжаликлари қўриқлаш ходимларининг ўз лавозим мажбуриятларини бажараётганда хизмат қуроли билан овчилик хўжаликлари ҳудудида бўлиши ов қилиш ҳисобланмайди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда овчиликка бириктирилган умумий ер майдони 4,8 миллион гектарни ташкил этади. Ов қилиш худудида ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, бўлиш ва урчиш жойларида, шунингдек, уларнинг кўчиб ўтиш йўллари бўлган жойларда дов-дарахтларни йўқ қилиб юбориш, қиёқ, қамиш ва ёввойи ҳолда ўсувчи бошқа ўсимликларнинг чакалакзорларини ёқиш қатъиян таъқиқланади.

 

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА