Давлатимиз томонидан туризм соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилиб келаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ушбу йўналиш тобора ривожланиб бормоқда. Соҳани янада тараққий эттириш, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган юксак мақсадларга эришишда етук, замонавий кадрлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис ҳам сайёҳлик йўналишида кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида ҳам қуйидаги муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Охирги 3 йилда туризм соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасалари сони 16 тадан 30 тага, уларда таълим олувчи талабалар сони эса мос равишда 4 100 нафардан 11 500 нафаргача ошган. 2020 йилда олий таълим муассасаларида туризм соҳасида таълим берувчи педагогларнинг илмий салоҳияти 24,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 37,6 фоизга етди.
Бу борада шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда жаҳон туризм индустрияси бозорида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда 2018 йилда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилган эди.
Университетда туризм, логистика, гид-таржимонлик, музейшунослик, археология, ижодий саноат, маданий меросни бошқариш каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Университетда талабаларга туризм ва маданий мерос соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича юқори ўринларда турувчи хорижий олий таълим муассасаларида фаолият юритган жами 20 нафар хорижлик (АҚШ, Япония, Австралия, Хитой, Италия, Ҳиндистон ва бошқалар) профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув курслари ўтилади.
Университетни Республикамизда мавжуд бошқа олий ўқув юртларидан ажратиб турадиган хусусиятларидан бири бу илғор халқаро ўқув тажрибани ўрганиш орқали амалиёт билан ўқув дастурига интеграция қилиб, таълим стандартлари ва ўқув режаларини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва ўз фаолиятида ишлатишдир.
Мазкур университет бундан атиги 5 йил аввал ташкил этилганига қарамай, бугунги кунда энг таниқли ва нуфузли олий ўқув даргоҳларидан бирига айланди ҳамда мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги биринчи Флагман университети сифатида ШҲТга аъзо давлатлар учун туризм ва маданий мерос соҳасида замонавий кадрларни етиштириб бермоқда. Айни пайтда университетда 16 та мамлакатдан келган талабалар таҳсил олади.
Бу даргоҳни 2021 йилда 30 нафар илк магистрлар, 2022 йил эса 114 нафар илк бакалавр ва 23 нафар магистрлар битирди. Ҳамкорлик доирасида касб-ҳунар таълим муассасаларида профессионал кадрлар тайёрлашни дуал таълим шаклида амалга ошириш тизими такомиллаштирилмоқда.
Германия халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти (GIZ) кўмагида 3 та профессионал таълим муассасасида “Меҳмонхона ва сервис” йўналишидаги амалиёт хоналари тўлиқ жиҳозлаб берилди. Швейцария Конфедерацияси Ҳуқумати билан биргаликда “Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” (VET4UZ) лойиҳаси доирасида туризм йўналишида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими ривожланмокда.
Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда Туризм қўмитаси ҳузуридаги жами 10 та профессионал таълим муассасаларида амалиёт дарсларини ташкил этиш мақсадида лабораториялар яратилди.
Бу йилдан бошлаб Президент қарорига асосан туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг туризм соҳаси юқори кўрсаткичларга эришмоқда: хорижлик сайёҳлар сони кундан-кунга ошиб, ички туризм жадал ривожланмоқда, соҳага боғлиқ инфратузилма шаклланиб, хизматлар экспорти тинимсиз ўсмоқда.
Бу жараённи тўхтамаслигини таъминлаш ва кейинчалик кучайтиришнинг асасий ўйли бу малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиб, такомиллаштириб боришдир.
Кўриб турганимиздек ҳозирги кунда мамлакатимизда профессионал мутахассислар тайёрлаш тизими яратилган. Бундан ташқари соҳада олий ўқув юртлар ва уларда ўқитилаётган талабалар сони йилдан йилга ортиб, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида ўқитиш тарсликлари жахон стандартларига мослаштирилмоқда.
Шубҳасиз, ушбу йўналишда давлатимизда амалга оширилаётган ишларнинг натижасида халқаро талабларга мос келувчи малакали мутахассислар тайёрлашга ва соҳасидаги турли йўналишлар бўйича илмий тадқиқотлар, фундаментал, илмий-амалий ишларга бўлган кескин эҳтиёж муаммосини ҳал этишга замин яратади.
ЎзА