Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО ҳамкорлигида “Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш” лойиҳасини мувофиқлаштирувчи комиссия йиғилиши ўтказилди.
Турли вазирлик ва идоралар вакиллари, ўрмон хўжалиги мутахассислари, илмий-тадқиқот институти эксперт мутахасислари, хусусий сектор вакиллари иштирок этган тадбирда ўрмончиликка доир лойиҳанинг мазмун-моҳияти батафсил муҳокама қилинди.
Мазкур ҳужжатда ўрмонларни бошқаришда маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш, соҳа фаолиятини кенг тарғиб қилиш, янги инновациялар, кўчатлар самарадорлигини ошириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, деградацияга учраган ҳудудларни яхшилаш устувор йўналиш сифатида кўрсатилган.
Йиғилишда тўртта ўрмон хўжалигида амалга оширилган ишлар тўғрисида хўжалик вакиллари, лойиҳа координатори ва техник ходимлар ҳисоботи, шунингдек 2021 йил учун иш режаси ва бюджет масаласи юзасидан маърузалар тингланди.
ФАО томонидан ишлаб чиқилган, Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳа учун 1 миллион 597 минг 780 доллар ажратилган.
2018 йилда амалга оширила бошланган “Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш” лойиҳаси мамлакатимизда ўрмон хўжалигини барқарор бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган институционал ривожланиш ва соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида соҳани барқарор ривожлантириш, ўрмон хўжалиги фаолиятига маҳаллий аҳолини кенг жалб қилиш, аёл ва қизларни иш билан таъминлаш, уларга турли йўналишда имтиёзлар бериш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ўзаро муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, жумладан Ўрмон Кодексини ишлаб чиқиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Шу асосда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Республиканинг доривор ўсимлик саноатини ривожлантириш билан шуғулланувчи 100 дан ортиқ олим иштирокида “Доривор ва зиравор ўсимликларни ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Наманган, Сирдарё ва Қашқадарё вилояти лойиҳа майдонларида ўрмон ходимлари илмий, амалий салоҳиятини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилди.
Деҳқонобод ва Поп ўрмон хўжаликларида ўрмон кўчатхоналарини сув билан таъминлаш ва келажакда 2 минг гектар янги ўрмонзор барпо қилиш мақсадида 20 тонналик сув сақлаш иншооти ва 5 километрлик суғориш тизими ўрнатилди.
Учрашув сўнгида 2021 йилда лойиҳани мувофиқлаштириш, ўрмон хўжалиги бошқарувининг замонавий усулларини жорий этишга доир янги режалар ишлаб чиқиш, тизимга гендер ёндашувни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/-wIDUAIWR_k" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Беҳрўз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Ё Мелибаев (видео) , ЎзА