Адлия вазирлиги томонидан шу мавзуда конференция ўтказилди. Тадбир Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ушбу нуфузли анжуман - тартибга солиш сиёсатига бағишланган II конференцияда Ўзбекистон Парламенти ва Ҳукумати аъзолари, вазирлик, идоралар раҳбарлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва жамоат тузилмалари, “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти вакиллари бевосита, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон ҳукуматлари вакиллари эса онлайн иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати, жумладан, қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдаги дастлабки натижалар, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Мазкур конференцияни ташкил этишдан кўзланган мақсад вазирлик, идоралар раҳбарларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашга оид билим, малака ва амалий кўникмасини ошириш, ушбу соҳада Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини, дастлабки натижаларни таҳлил этиш, ривожланган давлатлар тажрибаси билан танишишдан иборат.
Маълумки, тартибга солиш сиёсати солиқ ва пул-кредит сиёсати билан бир қаторда иқтисодиётни бошқариш, барқарор ривожланишга эришиш учун қўлланиладиган асосий восита ҳисобланади. Масалан, коронавирус инқирозининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатини бартараф этишда, пандемиянинг деярли ҳар бир босқичида айнан тартибга солиш чораларидан фойдаланилди.
Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг таъкидлашича, жамият учун хавфсизлик ва соғлом турмуш тарзини ҳимоя қилувчи қоидалар жуда зарур. Бинобарин, бу жараёнда сифат ва самарадорлик таъминланмаса, иқтисодий ривожланиш йўлида, яъни бизнес юритишда тўсиқлар пайдо бўлиши мумкин. Самарали тартибга солиш сиёсати барқарор ривожланиш мақсадига етаклайди. Бугун жамияти, қолаверса, фуқаролар
ва бизнес вакиллари қарор қабул қилувчидан очиқ, шаффоф ва далилларга асосланган қонунчиликни талаб қилмоқда.

Ўзбекистонда норма ижодкорлигини модернизация қилиш, қонунлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро стандартга мувофиқ “ақлли тартибга солиш” воситалари, жумладан, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими кенг жорий этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими олдиндан ўйланган, келтирадиган фойда ва харажат таҳлил қилинган, кўзланган мақсадга эришиш имкони мавжуд, ижроси таъминланадиган, сифатли ва барқарор қонунчиликни яратишга имкон беради.
Ўтган йилдан бошлаб тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимидан фойдаланиш фаоллашиб, бу ўз самарасини бера бошлади. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан баҳолашдан ўтказилган лойиҳа орқали йилига ўртача 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежалди, самарасиз қарор қабул қилинишининг олди олинди.
Конференцияда тажриба-синов тариқасида маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида баҳолашдан ўтказилган мазкур лойиҳа тақдим этилиб, иштирокчиларга китоб кўринишида тарқатилди.
“Jacobs, Corvodva & Associates” ташкилоти директори Доктор Цезарь Кордова сўнгги бир йилда Ўзбекистоннинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими ўрганилгани ва самарали йўлга қўйилганини қайд этди. Шунингдек, бошқа мамлакатлар тажрибасидан самарали йўналишлари билан ажралиб туришини ҳам эътироф этди. Маърузаси якунида бу борадаги кейинги қадамлар ҳақида таклиф, мулоҳазаларини билдирди.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос эса Ўзбекистонда ушбу тизимнинг гендер таъсирчанлигини таъминлаш ҳамда баҳолаш жараёнида гендер инклюзивликни қўллаш бўйича фикрини баён этди.
Анжуманнинг иккинчи сессиясида муҳокама форуми ташкил қилинди. Мутасадди вазирлик, идоралар масъуллари мамлакатимиздаги тартибга солиш сиёсати, мавжуд муҳити, истиқбол хусусида ўзаро фикр алмашди. Норма ижодкорлиги амалиётининг жорий ҳолати, давлат идоралари ва ташкилотлар раҳбарларига далиллар ва ҳисоб-китобга асосланмаган қарорлар қабул қилинишининг оқибати, тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг афзаллиги аниқ мисоллар билан тушунтириб берилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири