Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг айланмаси олти ойда 650 триллион сўмдан ошди
09:00 / 2022-09-07

Маълумки, юртимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Сўнги йилларда юртимиз солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилиняпти. Хусусан, бугунги кунда солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.

Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди. Натижада тадбиркорларнинг ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари 4 баравар кўпайди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 6 мингдан 152 мингтага етди.

Жорий йилда Давлатимиз раҳбари Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича ўтказилган йиғилишда 2026 йил бориб иқтисодиётга солиқ юкини 25 фоизгача камайтириш мақсад қилингани қайд этилган эди.

Шунингдек, 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғини 12 фоизгача тушириш, кейинчалик ер ва мулк солиқларини бирлаштириш мўлжалланган. Бу тадбиркорларимиз кам солиқ тўлаб, даромади ошади дегани. Яна солиқ юкини камайтириб, тадбиркорларнинг эмин-эркин, ҳалол ишлашини кенг йўл очилади.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, мамлакатимизда жорий йилнинг биринчи ярмида 336 минг 408 та тадбиркорлик субъекти 650,4 триллион сўмлик маҳсулот ва хизматлар айланмасини амалга оширди.

Маълум бўлишича, шундан 198,6 триллион сўми солиққа тортилмайдиган имтиёзли айланмалар ҳисобланади. Бундан кўриниб турибдики, тадбиркорлик субъектларининг айланмаси олти ойда 650 трлн. сўмдан ошди.

Эътиборли жиҳати шундаки, 198,6 триллион сўми солиққа тортилмайдиган имтиёзли айланмалар ҳисобланади. Фаолият турлари кесимида умумий айланма ҳажмининг 43,7 фоизи саноат тармоғида фаолият юритувчи 40 минг 656 тадбиркорлик субъекти томонидан амалга оширилган. Уларнинг биринчи ярим йилликда товар айланмаси 284,5 триллион сўмга етган.

Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, сўнгги икки ойдаги солиқ тушумлари ҳажми салкам 21 фоизга ошган. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Сирдарёда 52 фоиз, Бухорода 45,2 фоиз, Наманганда 40,6 фоиз, Фарғонада 40,4 фоиз, Қашқадарёда 39,8 фоиз вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 62 фоиз солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилган.

Хабарингиз бор, ўтган йили 20 август куни Ўзбекистон тарихида илк бор Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, унда 10 мингга яқин тадбиркор иштирок этган эди. Тадбиркорлар томонидан билдирилган 15 мингдан ортиқ таклиф муҳокама қилинди.

Мазкур очиқ мулоқотда, Юртбошимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларнинг иккинчи йўналиши сифатида солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришга оид таклифлар илгари сурилган эди. Мазкур мулоқотдан тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклифлар атрофлича ўрганилиб, солиққа оид 10 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда солиқ сиёсати, у билан боғлиқ ўзгаришлар тадбиркорларга енгилликлар яратишга қаратилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА