Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда тадбиркорларнинг 40 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади
18:11 / 2025-09-05

Божхона қўмитаси, Олий Мажлис Сeнати ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусан аёлларни ишбилармонликка жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. 

Қайд этилишича, сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда тадбиркор аёллар сони 2 баробар кўпайиб, мамлакатимизда тадбиркорларнинг 40 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этмоқда.

Учрашувда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида божхона органлари томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди. 

Соҳани такомиллаштиришга оид 60 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, 35 та янги ахборот тизимлари, 41 та интерактив хизматлар, 11 та мобил иловалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. 

Тадбиркорлик субъектларига янада енгиллик яратиш мақсадида ишга туширилган “Экспорт уч қадамда” дастури натижасида эса илгари 9 та босқичдан иборат бўлган жараёнлар 3 баробарга қисқарди. 

Соҳани рақамлаштириш ҳисобига экспорт ҳамда импорт декларацияларининг 80 фоиздан ортиғи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Бунда инсон омилисиз расмийлаштириш ҳажми экспортда 60 фоизни, импортда эса 40 фоизни ташкил қилмоқда. 

Божхона тартиботларининг соддалашгани ҳисобига тадбиркорларнинг божхона расмийлаштируви жараёнлари билан боғлиқ ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалмоқда.

Очиқ ва конструктив тарзда ўтган мулоқот якунида Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов, Олий Мажлис Сeнати ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар бирлашмаси раиси М.Содиқова ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолашди.

Мазкур ҳужжат ташқи иқтисодий фаолият соҳасида энди иш бошлаётган хотин-қизларнинг иқтисодий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш ҳамда малакасини оширишга хизмат қилади.

Шу мақсадда Божхона институти Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети ҳамда ҳудудий божхона бошқармаларида ўқув ва малака ошириш курслари, давра суҳбатлари, тажрибали божхона органлари ходимлари иштирокидаги учрашувлар, муҳокама ва семинарлар ўтказишни назарда тутади.

Ш.Маматуропова, ЎзА