Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда табиий долларлашув даражаси октябрь ойига келиб 17,8 фоизга пасайди
14:11 / 2025-12-11

Ўзбекистонда долларлашув даражаси сўнгги йилларда барқарор равишда пасайиб бормоқда. Бу тенденция мамлакатдаги макроиқтисодий вазият яхшиланиб, аҳоли ва бизнеснинг миллий валюта сўмга бўлган ишончи ортиб бораётганини кўрсатади.

Марказий банкнинг Статистика ва тадқиқотлар департаменти томонидан долларлашувнинг табиий даражаси инфляция ва реал алмашув курси ўзгарувчанлиги асосида MVP (Minimum Variance Portfolio) методикаси орқали баҳоланди.  

Тадқиқот натижаларига кўра,  2020 йил бошида қисқа муддатли табиий долларлашув даражаси 24,5 фоиз бўлган. 2025 йилнинг октябрига келиб бу кўрсаткич 17,8 фоизгача пасайди. Узоқ муддатли (3 йиллик) табиий долларлашув даражаси 19,3 фоиз этиб баҳоланди.

Бу рақамлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан товар ва хизматлар нархини миллий валютада белгилаш ҳамда ҳисоб-китобларни асосан сўмда амалга ошириш амалиёти кучайганини тасдиқлайди.  

Нархлар барқарорлашгани сўмда жамғаришни хавфсизроқ ва мақбулроқ қилди. Курснинг кескин тебранишлари камайиб, аҳоли ва бизнес учун валюта хатарлари пасайди.

Сўмда депозит очиш бўйича фоиз ставкалари ва шартлар яхшиланиб, миллий валюта янада жозибадор бўлди. 

Марказий банк маълумотларига кўра, муддатли депозитларда долларлашув кескин камайган. Юридик шахслар 48,2 фоиз (2019),  2025 йил 1 ноябрь ҳолатига 20,5 фоизни ташкил этган.  Жисмоний шахслар 2019 йил 32,6 фоизни, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига 22,5 фоизни ташкил этган. Бу ўзгариш сўмда депозит очишга оид хатарлар анча камайганидан далолат беради.  

Миллий валюта жозибадорлиги ошмоқда, банк тизимидаги шароитлар ўзгариб, сўмда депозитлар рақобатбардош бўлмоқда. Валюта курсининг барқарорлиги узоқ муддатли режалар учун енгиллик яратади.  

Бир сўз билан айтганда, табиий долларлашувнинг пасайиши барқарорлик белгисидир. Марказий банк тадқиқотига кўра, мамлакатда долларлашувнинг табиий даражаси пасайиши иқтисодий барқарорлик, нархлар барқарорлиги ва валютa сиёсатидаги изчиллик кучаяётганидан далолат беради.  

Миллий валютага ишончнинг ортиши эса иқтисодий фаоллик, инвестицион муҳит ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлайди.  

Ш.Маматуропова,  

ЎзА