Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши таъсири, қурғоқчилик, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш каби масалалар бутун дунёда долзарб тус олмоқда. Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув тежамкор технологияларни жорий этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация тизимлари ва йирик гидротехник иншоотлардан фойдаланиш бошқармаси бош мутахассиси Рашид Тошев билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда сув танқислиги қай даражада ва унинг асосий сабаблари нимада?
– Мамлакатимиз ҳудудида ишлатиладиган сувнинг асосий қисми қўшни давлатларда шаклланиб, оқиб келади. Йиллик ёғингарчилик миқдорига қараб сувнинг 15-20 фоизи юртимиз ҳудудида ҳосил бўлади, холос. Афсуски, сўнгги йилларда минтақада ёғингарчилик кам бўлаётгани сабабли йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфи камайиб бораётир. Буни республикамизда илгари ишлатилган йиллик 60-64 миллиард куб метр ўрнига сув таъминоти 51 - 53 миллиард куб метргача қисқарганидан ҳам англаш қийин эмас. Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда сув танқислиги 2030 йилга бориб 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.

–Яқин йилларда сув ресурслари кескин камайиши прогноз қилинаётган экан, ҳукумат бу борада қандай чоралар кўряпти?
–Дарҳақиқат, иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб, аҳоли сони ва сувга талаб ортиб бормоқда. Кутилаётган сув танқислигини юмшатиш учун Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилинган. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича улкан мақсадлар белгиланган. Бу борадаги вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда асосий мақсадли кўрсаткичларга эришишни таъминлаш мақсадида 2025 йил 15 августда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, каналларни бетонлаштириш ҳамда соҳада рақамли ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига 2023 – 2025 йиллар давомида 25 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди.
Хусусан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазерли текислаш ҳисобига 7,3 миллиард м3, ирригация тармоқларини бетонлаштириш ҳисобига 7 миллиард м3, соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига 1,8 миллиард м3, агротехник тадбирлар ҳисобидан 8,8 миллиард м3 сув иқтисод қилинишига эришилди.

Насос станцияларига энерго тежамкор технологияларни ўрнатиш ҳисобига 2024 йилда 6,5 миллиард кВт/соат электр энергия сарфланиб, 300 миллион кВт/соат электр иқтисод қилинди, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 6,8 миллиард кВт/соатни ташкил этган.
– Соҳада рақамли технологиялар жорий этилиши қандай натижа берди?
– Президентимиз таъкидлаганидек, сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли – рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик, аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади.
“Ўзбекистон-2030” стратегияси ва сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиқиб, охирги тўрт йилда онлайн режимда 13 минг 254 та сув омбори ва ирригация тизимларининг сув ўлчаш постларида сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, 10 минг 983 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER”, 1 минг 749 та насос станцияларида сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди.100 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқаруви автоматлаштирилди.
Вазирлик ҳузурида Вазиятлар маркази ташкил этилди. “Uzinfocom” билан ҳамкорликда соҳада мавжуд барча ахборот тизимлари маълумотларини йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишлаб чиқилди. Сувни иқтисод қилишда соҳанинг рақамлаштирилаётгани муносиб улуш қўшмоқда.
– Сувдан тежамкор фойдаланиш технологияларини жорий этиш жараёни қандай самара бермоқда?
– Жорий йилнинг 1 октябрига қадар республика бўйича жами 2,6 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.
2017 йилгача сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларнинг умумий кўрсаткичи 28 минг гектарни ёки суғориладиган майдонларга нисбатан 1 фоизни ташкил этган.
Жумладан, 2017-2025 йиллар давомида 664,3 минг гектарда томчилатиб, 121,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет ва 106,4 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 1,6 миллион гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Яқин-яқингача томчилатиб суғориш технологияси Ўзбекистон шароитига тўғри келмайди, бизнинг иссиқ иқлимга ариқлардан анъанавий усулда суғориш мос, деган нотўғри қараш бор эди.
Ўзбекистонда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдони бўлса, шунинг қарийб 60 фоизи охирги беш-олти йиллик ҳаракатлар натижасида сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинди. Ниманинг эвазига? Давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, субсидиялар ва рағбат ҳисобига.
2018 йилдан буён сув тежовчи технологияларни жорий этганларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Президетнинг 7 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар билан субсидиялар ажратиш йилдан йилга такомиллаштирилди.
Илгари сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмлари чет давлатлардан келтирилган. 2019 йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар билан шуғулланадиган икки ё учта корхона бор эди. Ҳозирга келиб бундай корхоналар сони 60 тадан ошди. Ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиши ҳисобига бир гектар учун маҳсулот таннархи 20 фоизгача арзонлашиши билан бирга, жойларда сервис хизмати ва савдо шохобчалари йўлга қўйилди.
Олдимизга 2030 йилгача суғориладиган экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси қўйилган.
– Ирригация-мелиорация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?
– 2023 – 2025 йилларда инвестиция дастури доирасида 1 минг 504 км каналлар ҳамда 165 км лоток тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Хорижий инвестициялар ҳисобидан 2 та лойиҳа доирасида 21 км каналларни бетонлаштириш ишлари амалга оширилган.
“Сув етказиб бериш хизмати” ДМ ҳисобидан 5 минг км канал тармоқлари бетонлаштирилган. Кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 19,4 минг км ички тармоқлар бетонлаштирилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 864 та объект бўйича 1921,5 км суғориш тармоғи бетонланди, 188,5 км лоток тармоғи, 366 км қувур, 825 та суғориш қудуқлари қурилди ҳамда 417 та насос агрегати ўрнатилди.
Шунингдек, мелиорация объектларида 649 км очиқ коллектор ҳамда 355 км ёпиқ-ётиқ дренажлар қурилди ва реконструкция қилинди. Сув хўжалиги объектларининг самарадорлигини таъминлашда 2023 – 2025 йилларда 17 минг 760 км каналлар тозаланиб, 16 минг 15 дона гидротехник иншоотлар ва 15 минг 970 дона гидропостлар таъмирланди.
Сув хўжалигига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторларни жалб қилиш мақсадида 2023 – 2025 йиллар давомида 1 минг 708 та лойиҳа давлат-хусусий шерикликка берилди.
2024 йилда 160 та туманда “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилиб, хўжаликлараро ва ички суғориш тармоқлари фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида 160 та экскаваторлар харид қилиниб, 9 минг 473 нафар малакали мутахассис ишга қабул қилинди.
Хорижий инвестициялар ҳисобидан 2023 – 2025 йиллар давомида 96,6 км каналлар қайта таъмирланди, 251 та тик қудуқ қурилди, 18 та насос станция модернизация қилинди, 205 та аклли сув қурилмалари, намунавий 10 та қуёш панеллари ўрнатилди.
– Насосларга қуёш панеллари ўрнатиш орқали электр энергиясини иқтисод қилиш мумкин. Мана шу имкониятдан қандай фойдаланилмоқда?
– Президентимизнинг жорий йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида хоразмлик фермернинг насос агрегатини қуёш панеллари орқали ишлатиш тажрибаси юқори баҳоланди. Республика бўйича фермер хўжаликлари ҳисобидаги 7 минг 500 та насос агрегатларига ушбу тажрибани жорий этиш вазифаси белгиланди.
Сув тежовчи технологиядан фойдаланилмаган пайтда қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси тармоққа узатилади. Энди фермерлар учун қуёш панеллари харажат эмас, даромад манбаига айланади.
“Хоразм тажрибаси” асосида 9 минг 559 та субъектнинг 10 минг 475 та насос агрегатидан 7 минг 497 тасига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ҳудудлар кесимида дастур ишлаб чиқилди. Бунинг учун Агробанк томонидан 1 триллион 420 миллиард сўм тижорат кредити маблағлари йўналтирилиб, шундан 881 миллиард сўми ўзлаштирилди.
Бугунги кунда 204 МВт қувватдаги 5 минг 103 та, шундан, банк кредити ҳисобидан 3 минг 205 та ҳамда ўз маблағи ҳисобидан 1 минг 898 та насос агрегатларига қуёш панеллари ўрнатилди.
– Қишлоқ хўжалигида сув тежаш маданиятини шакллантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туманларда “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинди. Шунингдек, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида манбанинг сувлилик даражасидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман кенгашларидан сув олиш лимитларини тасдиқлатиш бўйича янги механизм йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Солиқ кодексига сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилиши, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,1 оширувчи коэффициент қўлланилиши белгиланди.
– Қўшни давлатлар билан трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш борасида қандай ҳамкорлик йўлга қўйилган?
– Марказий Осиёнинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, тараққиётга эришишнинг муҳим омилларидан бири саналади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратиб, ташқи ва ички сиёсатимизда ўта муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича йиғилиб қолган кўп йиллик муаммоларга ечим топилди.
Қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки ҳамда кўп томонлама манфаатли ҳамкорлик давом эттириляпти. Хусусан, бу боради ўтган ва жорий йилларда бир нечта учрашувлар ўтказилиб, муҳим келишувларга эришилди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг йиғилишларида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида вегетация ва кузги-қишки мавсум учун сув олиш лимитлари тақсимоти, шунингдек, минтақада трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда сув хўжалигидаги долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
2024–2025 йилларда Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан икки томонлама қўшма ишчи гуруҳлар йиғилишларида минтақадаги мавжуд трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги объектларини ишлатиш, уларни автоматлаштириш каби масалаларда бир қатор муҳим келишувларга эришилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА