Бугун Тошкентда халқаро сув ҳамкорлиги ва Ўзбекистон Республикасининг сув қонунчилигини такомиллаштиришга бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда ташкил этилган ушбу тадбирда давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар, тадқиқот марказлари мутахасссислари ва экспертлар иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тимур Бутунбоев, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов, Осиё тараққиёт банкининг Лойиҳаларни бошқариш бўлими раҳбари Жануар Лауде ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва сув қонунчилигини такомиллаштириш, шунингдек, сув соҳасида замонавий бошқарув, рақамли ва иқтисодий инструментларни жорий қилиш долзарб масалалардан эканини қайд этди.
Тимур Бутунбоевнинг таъкидлашича, халқаро сув ҳамкорлиги мамлакатларнинг умумий сув ресурслари масалаларида, айниқса, трансчегаравий сув объектларида қўшма саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим омил ҳисобланади.

–Марказий Осиё минтақаси ҳақида гапирадиган бўлсак, мамлакатларимизнинг умумий тарихи, урф-одат ва маданияти чамбарчас боғланган. Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида жойлашган давлатларнинг дўстлик ришталари ҳам сув йўллари орқали мустаҳкам боғланган. Сўнгги йилларда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан олиб борилаётган ҳамкорлик ва эришилаётган келишувлар натижасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда. Юртимизда сўнгги йилларда сув хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Рақамлар таҳлилига кўра, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, каналларни бетонлаштириш, шунингдек, соҳада рақамли ва тежамкор технологияларни жорий этиш ва агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобига ҳар йили 10 миллиард куб метр сув иқтисод қилинмоқда.
Шу билан бирга, насос станцияларига энергия тежамкор технологиялар ўрнатилгани туфайли 2024 йилда электр энергияси сарфи 6,5 миллиард киловатт-соатни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 8,3 миллиард киловатт-соат бўлган эди. Охирги тўрт йилда 13 мингта сув ўлчаш постларида рақамлаштирилган қурилмалар ва 11 мингта сувнинг сув сақлаш ва минераллашганлик даражасини ўлчайдиган сенсорлар ўрнатилди. Шунингдек, сув хўжалиги тизимида Вазиятлар маркази ташкил этилди. Жорий йилда республика бўйича 2,6 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологиялар татбиқ этилди. Олдимизда 2030 йилгача 4,3 миллион гектар суғориладиган ерларни сув тежовчи технологиялар билан қамраб олиш вазифаси турибди, – деди Тимур Бутунбоев.

Конференцияда Ўзбекистон Республикасининг янги Сув кодекси тақдимотига эътибор қаратилди. У барқарор сувдан фойдаланиш, соҳани шаффоф тартибда тартибга солиш ва сув экотизимларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асосларни белгилайди. Кодекс замонавий халқаро стандартлар ва Марказий Осиёнинг энг яхши амалиётларига мувофиқ, кўпроқ мослашувчан, интеграцияланган ва илмий асосланган сув бошқаруви моделини жорий этиш имкониятларини яратади.
Осиё тараққиёт банкининг Лойиҳаларни бошқариш бўлими раҳбари Жануар Лауде Марказий Осиёда сув танқислиги муаммосига стратегик ёндашув, етакчилик ва ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади.
– Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукумати ва Сув хўжалиги вазирлиги билан сув секторини замонавий, самарали ва иқлимга чидамли тизимга айлантириш йўлида узоқ йиллик лойиҳалар ва дастурларда, шу жумладан, янги Сув кодексини тайёрлашда фаол иштирок этди. Ушбу ҳужжатлар сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш, шаффоф тақсимот, рақамлаштириш ва барқарорлик принциплари асосида тизимни тубдан янгилашга замин яратди. Янги кодекс институционал ваколатларни аниқ белгилаб, сув фойдаланувчилари иштирокини кенгайтирди ва экологик ҳамда иқтисодий тамойилларни бошқарувга интеграция қилди. ОТБ келгусида ҳам вазирлик билан яқин ҳамкорликни давом эттириб, 2050 йилгача мўлжалланган сув секторини ривожлантириш стратегияси ва миллий сув хавфсизлиги дастурини ишлаб чиқишда амалий ёрдам беради. Ўзбекистон Ҳукумати етакчилиги ва олиб бораётган ислоҳотларини юқори баҳолаймиз. ОТБ эса иқлимга чидамли ва барқарор ривожланишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди, – деди Жануар Лауде.

Шунингдек, анжуманда сув соҳасини молиялаштириш, ирригация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда сув таъминоти ва санитарияни модернизация қилиш учун инвестиция жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Янги молиявий механизмлар, рақамли ечимлар ва халқаро ҳамкорлик моделлари сув бошқарувининг барқарорлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА