Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш жараёни Олмаотада тақдимот қилинди
17:49 / 2025-01-31

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтаётган “DigitalAlmaty 2025” форуми ялпи мажлисида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда рақамлаштиришни жадаллаштириш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларга замонавий технологияларни жорий этиш, юртимизни сунъий идрок технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан ўрин олишига эришиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган стратегия тасдиқланиб, муайян мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилгани қайд этилди. Хусусан, олдимизда сунъий онгга асосланган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, кўрсатилаётган рақамли хизмат қийматини 1,5 миллиард долларга етказиш, илмий лабораториялар яратиш, юқори самарадор сервер инфратузилмасини шакллантириш сингари кўплаб устувор мақсадлар тургани таъкидланди.

Ялпи мажлисда Стратегия доирасида йигирмадан ортиқ лойиҳа йўлга қўйилиши, иқтисодиётнинг асосий тармоқларига СИ технологиялари жадал татбиқ этилиши натижасида муайян ютуқларга эришилгани маълум қилинди.

Жумладан, Тошкент метрополитенида “Palm Pay”, тўлов тизими жорий этилиб, йўловчиларга қўшимча қулайлик яратилди, банк ва йирик савдо мажмуаларида ишга туширилган “My ID” вa “UzFace” тизими эса мижозларни идентификациялашни тезлаштириш, рақамли фирибгарлик хавфини камайтириш имконини берди. Солиқ тизими ва давлат хизматлари порталида аҳолига маслаҳат бериш ҳамда электрон хизмат олишга кўмаклашувчи виртуал ёрдамчилар ўрнатилди.

Натижада, Ўзбекистон 2024 йил “Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлиги рейтинги”да 17 поғона кўтарилди.

Сессияда юртимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига урғу берилди.

Бу жараёнда, биринчи навбатда, IТ инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда сунъий идрокни тартибга солиш стандартини ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш ва зарур инфратузилма яратиш бўйича халқаро миқёсда етакчи ташкилотлар, IТ компаниялар билан ҳамкорлик фаол кенгайтирилмоқда.

Ҳукуматимиз раҳбари фикрича, тараққиёт инсониятга мисли кўрилмаган имкониятлар беради ва айни пайт одамларни турли мураккабликларга ҳам дучор қилади. Шу нуқтаи назардан СИ технологияларини қўллаш билан боғлиқ ахлоқий тамойилларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳам асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун айни жиҳатларга алоҳида эътибор билан қараш, бу борада ҳамкорларнинг келишилган саъй-ҳаракатларини йўлга қўйиш талаб этилади.

Якунда жорий йил 7-8 август кунлари Самарқандда МДҲ мамлакатларида сунъий интеллект масаласи бўйича нуфузли халқаро конференция ўтказилиши маълум қилинди.

Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА