Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда замонавий технологияларнинг жадал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сунъий интеллектни кенг жорий қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш, ушбу йўналишга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
а) 2026 йил якунига қадар давлат бошқаруви органлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш бўйича камида 100 та лойиҳани амалга ошириш;
б) 2030 йил якунига қадар замонавий сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришга 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдорда хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
в) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим ҳамда олий таълим тизимининг ўқув дастурлари ва дарсликларига сунъий интеллект технологияларини ўқитиш бўйича мавзуларни киритиш;
г) 2026 йил якунига қадар мамлакатда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида 15 та сунъий интеллект лабораторияларини ишга тушириш асосий мақсад этиб белгиланди.
Сунъий интеллект технологияларини жорий қилишда институционал базани такомиллаштириш бўйича давлат органлари ходимлари, тадбиркорлик субъектлари, хориждаги ватандошлар ва чет эллик мутахассислардан иборат таркибда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида Маслаҳатлашув кенгаши ташкил қилинади.
2025 йил якунига қадар сунъий интеллект йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар, дастурлар, стартаплар ва бепул онлайн курслар ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи "ai.gov.uz" миллий портали ишга туширилади. Портални яратиш, қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва унинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш марказига юкланади.
Олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳамда стартапларга уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун график ишлов бериш блоклари (GPU кластер) ва "катта маълумотлар" базаларидаги маълумотлардан Марказ томонидан белгиланадиган ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 январдан сунъий интеллект технологияларини жорий этишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва техник топшириқларнинг лойиҳалари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан мажбурий тартибда келишилади.
Сунъий интеллект технологияларини криптоактивлар айланмаси, электрон тижорат, суғурта ва қимматли қоғозлар соҳаларида ҳамда блокчейн асосида фаолият юритадиган ахборот тизимларида жорий этиш тартиб-таомиллари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан белгиланади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ёшларнинг сунъий интеллект технологияларига қизиқишини янада ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап" (President Al Award) танлови ўтказилади.
ЎзА