Ўзбекистон Республикаси Президенти “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг устувор мақсадлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
а) судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш;
б) судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш;
в) судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш;
г) суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш орқали аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш.
Фармонга мувофиқ,
а) судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилиниб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланади;
б) туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади;
в) судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда "ҳалоллик", "касбий лаёқатлилик" ва "судьялик одоби қоидаларига риоя этиш" талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.
Кенгаш ва Олий суднинг Кенгаш таркибини шакллантириш тартиби судьялар ҳамжамияти органларининг иштирокини ошириш орқали янада такомиллаштирилади. Чунончи:
а) Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади. Бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин;
б) Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзолари таркибига номзодлар ҳуқуқ соҳасидаги илмий ва олий таълим ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан тавсия этилади.
2025 йил 15 декабрга қадар Кенгашнинг расмий веб-сайтида қуйидагиларни очиқ эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади:
а) суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби;
б) суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, рҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар.
ЎзА