Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда STEM таълимини ривожлантириш учун 100 миллион долларлик лойиҳа тасдиқланди
10:44 / 2025-10-23

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан Ўзбекистонда STEM таълимини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

Лойиҳа доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ишлар амалга оширилади. 200 та умумтаълим мактабда замонавий лабораториялар ташкил этиш, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини яратиш, қуёш энергияси тизимларини ўрнатиш ҳамда имконияти чекланган болалар учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек,  STEM фанлари бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, фанларни интеграциялашган шаклда ўқитиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда таълим жараёнида замонавий педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш назарда тутилган.  

Қолаверса, ўқув муҳитини тўлиқ модернизация қилиш, таълимда сифат стандартларини жорий этиш ва фанлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш орқали инновацион ёндашувни татбиқ этиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади — Ўзбекистон ёшларига замонавий инновацион билим ва кўникмаларни бериш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат.

Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, мактаб таълимини жаҳон стандартларига яқинлаштириш орқали таълим сифати ва натижалари сезиларли даражада яхшиланади. Малакали ўқитувчилар ва замонавий лабораториялар таълим жараёнининг самарадорлигини оширади.

Мактаблар маҳаллий жамиятлар учун ресурс марказлари сифатида фаолият юритади, бу эса ҳудудларда таълим имкониятларини кенгайтиради.

Ш.Маматуропова,

ЎзА