Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда стартап ва технологиялар экотизимини илгари суриш дастурига бағишланган навбатдаги семинар
00:40 / 2022-08-23

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан стартап, рақамлаштириш соҳасида ёшлар учун муносиб иш ўрни яратишга қаратилган учта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан 18 август куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида стартап ва иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда KOICAнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари, тегишли давлат идоралари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, IT Park ҳамда ТАТУ раҳбарияти иштирок этди. Қолаверса, “ZOOM” платформаси орқали лойиҳаларни бошқариш бўйича халқаро ҳамкор ташкилотлар масъуллари қатнашди.

Юртимизда рақамли технологиялар соҳасида стартап ва иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватловчи учта лойиҳадан иборат интеграциялашган дастур – STEP хусусида маълумот берилди. STEP шиори остида давлат-хусусий шериклик дастури, ўқув дастурлари, кўнгиллилар дастури ва бошқа дастурлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ҳар бир лойиҳанинг ўзаро алоқадорлигини мустаҳкамлаш асосий мақсад этиб белгиланган.

[gallery-8380]

Жами 15 миллион долларга баҳоланган ушбу лойиҳаларнинг биринчиси – стартапни қўллаб-қувватловчи экотизим ва тадбиркорлик ривожига кўмаклашиш фаолияти билан шуғулланади.

Муддати 2020-2024 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа доирасида кореялик экспертларни жалб қилиш режалаштирилган. Улар билан ҳамкорликда 4 йил давомида бир қатор ишлар олиб бориш кўзда тутилган.

Хусусан, Тошкентда намунали бизнес-инкубаторни яратиш. Унда ўз фаолиятини энди бошлаган тадбиркорлар ўз ғояларини амалга ошириши учун малакали мутахассислардан амалий ёрдам олишлари мумкин.

Дастурий таъминот технологиялари парки – IT Park барқарор ривожланиши учун асос яратиш ва Ўзбекистонда IT-Park салоҳиятни мустаҳкамлаш” номли иккинчи лойиҳа 2021-2025 йилларда амалга оширилади. Бу жараёнда Ўзбекистон IT-индустрияси ўсиши учун асос яратиш ва ахборот технологияларига доир компаниялар рақобатбардошлигини ошириш, операцион бошқарув стратегиясини яратиш орқали институционал имкониятни мустаҳкамлашга эътибор қаратилади.

Учинчи лойиҳа асосида 2022-2027 йиллар давомида ТАТУда бизнес ахборот технологиялари тизимини йўлга қўйиш фаолияти изчил давом эттирилади. Бундан кўзланган мақсад – рақамли иқтисодиёт ва АКТ соҳаларида малакали кадрларни тайёрлаш, саноат ва академик ҳамкорлик моделини яратиш.

Семинарда юқорида таърифланган учта лойиҳани амалга ошириш жараёни, тегишли соҳаларда Корея ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш хусусида сўз борди, дейиш мумкин. Бундай анжуманларни доимий равишда ўтказишга келишиб олинди.

КОICАнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Парк Сунжин хоним уч лойиҳани бирлаштирган “Ўзбекистонда стартап ва технологиялар экотизимини илгари суриш” дастури “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш, жумладан, ёш авлод учун муносиб иш ўринлари очиш, шу билан бирга стартап экотизимини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мулоқот чоғида томонлар стартап экотизимини барпо этиш ва Ўзбекистонга инвестиция жалб этиш бўйича ҳамкорлик истиқболини кўриб чиқди. Сўнгги йилларда республикамизда ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Корея IT Park ассоцицияси раҳбари Чон Се Ён ўз нутқида, мамлакатимизга ташрифи чоғида ахборот технологиялари парки билан яқиндан танишганини маълум қилди. Мутахассиснинг фикрича, мазкур соҳада салоҳият юқори, аммо малакали кадрлар етишмовчилиги кузатиляпти, холос.

Анжуманда, шунингдек, 17 август куни Корея делегацияси иштирокида ўтган “Ўзбекистонда стартап лойиҳаларга сармоя жалб этиш” мавзусида давра суҳбати тафсилотлари тўғрисида қайдлар эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, КОICА 1991 йилдан буён Корея Республикаси ҳукуматининг ривожланаётган мамлакатларда грант дастурларини амалга ошириш бўйича масъул агентлиги ҳисобланади.

Беҳруз Худойбердиев, Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА