Тошкент шаҳридаги “U-ENTER” инновацион марказида “UzVC Demo Day & Central Asia Venture Conference 2025” тадбири бўлиб ўтди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “UzVC” миллий венчур фонди ва “AKS Services Group” томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда венчур фондлар, стартап асосчилари, акселераторлар, технологик компаниялар, юридик ва молиявий маслаҳатчилар ҳамда халқаро инвесторлар иштирок этди.

Унда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистондаги стартап ва инновацион экотизимнинг ривожланиш суръатлари, халқаро инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари ҳамда мамлакатда рақамли ва технологик секторни кенгайтириш борасидаги муҳим ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, “UzVC Demo Day & Central Asia Venture Conference 2025” тадбири нафақат минтақадаги венчур экотизимининг жадал ривожланаётганини, балки Ўзбекистоннинг инновациялар марказига айланиш сари дадил қадам ташлаётганини яна бир бор намоён этди. Дунёда тез суръатлар билан кенгайиб бораётган интеллектуал технологиялар ва стартаплар бозори шароитида мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, халқаро инвесторларни жалб этиш механизмларининг такомиллашиб бориши ҳамда янги авлод стартапларининг ўсиб келаётган салоҳияти мамлакатимизнинг рақамли иқтисодиёт жараёнида ўз ўрнига эга бўлаётганини кўрсатмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов фикрича, мазкур мулоқот Ўзбекистондаги стартап ва инновацион экотизимнинг ўсиш суръатини намоён этди.
–Бундай конференциялар нафақат маҳаллий стартапларга халқаро инвестициялар жалб қилиш имкониятини яратади, балки Ўзбекистоннинг минтақавий технологик марказ сифатидаги обрўсини мустаҳкамлайди ҳамда соҳадаги ҳамкорлик ва тажриба алмашинувига йўл очади. Бу эса мамлакатда инновация ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланишига катта ҳисса қўшади, –деди Норқулов.

Анжуман доирасида ўтказилган панел сессия Ўзбекистоннинг инновацион салоҳияти ва минтақа венчур бозоридаги ўрнига бағишланди. Унда қайд этилганидек, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва стартаплар учун яратилаётган янги имкониятлар нафақат маҳаллий, балки халқаро инвесторлар диққатини ҳам жалб қилмоқда. SGP 2.0 дастури орқали шакллантирилган стартап экотизими ўзининг дастлабки натижаларини кўрсатиб, юртимизнинг рақамли иқтисодиётдаги мақсадли йўналишини аниқлайди.
Халқаро венчур фондлари ва акселераторларнинг фикрича, Ўзбекистондаги инновацион тадбиркорлик сектори глобал бозорга чиқиш учун етарли салоҳиятга эга ва мамлакат минтақанинг технологик марказига айланиши мумкин. Бу эса стартаплар учун инвестиция жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради. Миллий инновацион экотизимни мустаҳкамлаб, иқтисодиётнинг рақамли ва технологик ривожланишини намоён этади.
Тадбир якунида “UzVC” миллий венчур фонди ҳамда Қозоғистоннинг “Alem Venture Fund” фондлар фонди билан биргаликда “Big Sky Capital” венчур фондига маблағларни бошқарувга бериш бўйича келишувга эришилди. Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда иштиркочи ташкилотлар ўртасида муҳокамалар ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик юзасидан келишиб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,ЎзА