Жорий йил давомида мамлакатимиз спортчилари нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган 9 ой давомида қўлга киритилган ютуқлар замирида спорт тизимининг кўплаб соҳаларидаги тинимсиз меҳнат, ўз касбига содиқлик ва ҳалоллик яширингани сир эмас, албатта.
Мусобақалар давомида спортчилар ҳар бир натижа учун куч-ғайратини ишга солган ҳолда юқори даражадаги тайёргарликларини намойиш этишди. Бунга қизғин баҳсларда гувоҳ бўлдик.
Бироқ айрим спортчилар юксак поғоналарни забт этишда тўғри йўлдан “юрмаслик” ҳолатлари ҳам мавжуд. Бу эса сўзсиз допинг муаммосига рўбарў келишга олиб келади.
Ўтган 9 ой мобайнида спортчиларимизни допингдан сақлаш, тақиқланган моддаларни истеъмол қилган спортчиларни аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов билан суҳбатлашдик.
– Жорий йилги спорт мавсуми ҳам якунланиб бормоқда. Айтингчи, 2021 йилнинг 9 ойида неча спортчимизда допинг аниқланди?
– 2021 йил бошидан июль ойига қадар “Токио-2020” олимпия ва паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрилди ва ўтган 9 ой давомида жами 6 спортчидан олинган допинг-синамада тақиқланган моддалар аниқланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан деярли 3 баравар кам бўлди, деганидир. Бунинг асосий сабаби, аввало, спорт жамоаларида допинг билан боғлиқ жараёнларга тўғри ёндашилганлиги ҳамда пандемия тартиби боис, халқаро мусобақаларнинг нисбатан кам ўтказилганлигидадир.
– Бу йил мамлакатимиз спортчилари нуфузли мусобақаларда улкан ғалабаларни қўлга киритди. Нуфузли турнирларда уларни допингдан сақлаш учун қандай ишлар амалга оширилди?
– Ҳақиқатдан, тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақалари бўлмиш “Токио-2020” ва паралимпия ўйинларида спортчиларимиз жами 24 медални қўлга киритди. Олимпия ўйинлари давомида спортчиларимиз 16 та допинг-синама топширишган бўлса, паралимпиячиларимиздан эса 39 та допинг-синама бевосита олимпия ва паралимпия шаҳарчаларида олинди. Допинг-синамаларнинг барчаси тоза, яъни уларнинг таркибида биронта тақиқланган модда аниқланмади. Бундай юқори натижага эришиш учун спортчиларимиз билан икки йил аввал иш бошлаб, ўтган давр ичида агентлигимиз мутахассислари томонидан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилаётган жойларга чиқиб, спортчилар, мураббийлар ва тиббиёт ходимлари учун 180 дан ортиқ амалий семинар ва тушунтиришлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари уюштирилди.
Бундан ташқари, 670 дан ортиқ спортчидан 820 та допинг-синамалар олиниб, таҳлил қилинди. Антидопинг соҳасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш мақсадида агентлик мутахассислари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқлари, турли спорт сайтлари орқали 100 дан ортиқ интервью, суҳбат ва бошқа шаклдаги теле ва радио чиқишлар қилди. Шу ўринда, соҳадаги ўзгаришлар, қилинган ишларни доимий тарзда ёритиб келаётган ахборот воситалари ходимларига миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман.
– Мамлакатимиздаги мавжуд спорт федерациялари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги ўртасида қандай музокара, келишув ва биргаликда ишлар амалга оширилди?
– Спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва самарали иш олиб бориш мақсадида ҳар бир спорт федерацияси ҳамда уюшмасида антидопинг масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи масъул шахс тайинланиб, даставвал улар агентлик ходимлари томонидан турли антидопинг мавзулари бўйича ўқитилди. Улар эса ўз навбатида спортчилар, мураббийлар ва бошқа ходимлар билан яқиндан мулоқотда бўлиб, антидопинг тарғибот-ташвиқот ишларини режа асосида олиб бориши йўлга қўйилди. Бунда агентлигимиз ҳам ҳамкор, ҳам амалий-услубий ёрдамчи сифатида кўмаклашиб турди. Бундан ташқари, агентлигимизда янги таркибий тузилма иш бошлаб, хасталанган спортчиларимиз даволанишида тақиқланган моддалардан вақтинча фойдаланиши зарур бўлган ҳолатларни кўриб чиқиш ва лозим бўлганда бунга махсус рухсатнома берилиши, шунингдек, бундай ҳолатлар юзасидан тегишли халқаро спорт федерациялари, халқаро олимпия ва паралимпия қўмиталарининг антидопинг бўлинмалари билан келишиш йўлга қўйилди. Бу билан спортчилар саломатлигини тиклаш ҳамда уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш каби вазифалар амалга оширилмоқда.
Яна бир эътиборга сазовор ҳамкорликдаги ишларимиздан бири бу– юртимиз спорт тарихида биринчи марта “Токио–2020” паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида агентлигимиз вакили сафарбар этилиб, жойида спортчиларга антидопинг масалаларида амалий ва услубий кўмаклашгани, допинг назорати давомида уларнинг қонуний вакили сифатида спортчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилгани бўлди.
– Келгуси йили ўтадиган нуфузли мусобақаларга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
– Хабарингиз бор, 2022 йили қишки олимпия ва паралимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари ҳамда бир қатор йирик спорт мусобақалари ўтиши белгиланган. Уларда спортчиларимизнинг бенуқсон иштирок этиб, рақобат тамойилларига риоя қилиши учун ҳозирданоқ кенг қамровли антидопинг тарғибот-ташвиқот ишларини бошлаб юборганмиз.
– Бу йил допинг рўйхатига янги моддалар киритилдими?
– 2021 йилги рўйхатга деярли ўзгаришлар киритилмаган. Спортчилар ва мураббийлар орасида "машҳур" экдистен дори воситаси ҳамон "Мониторинг дастури"дан жой олганича қолди. Яъни ушбу дори воситаси (унинг бошқа номланишлари – экдистерон, эксумид, экдиан) ўзи тақиқланмаган бўлса-да, инсон организмида айрим спортда тақиқланган гормон моддаларининг ишлаб чиқарилишини кескин кўпайтириб юбориш таъсирига эга. 2022 йил 1 январдан бошлаб Тақиқланган моддалар рўйхати янгиланган таҳрирда эълон қилиниши кутилмоқда. Киритиладиган барча қўшимчалар ва ўзгартиришлар ҳақида ўшанда батафсил маълумот ва изоҳлар берилади, албатта.
– Келгуси йили неча спортчимизнинг допингдан дисквалификация муддати тугайди ва уларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилмоқдами?
– 2022 йили 7 нафар спортчимиз катта спортга қайтиши кутилмоқда. Уларнинг барчаси билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бутунжаҳон антидопинг кодексига асосан, уларнинг дисквалификация жазо муддати тугаб, расман яқин спорт мусобақасида иштирок этишидан 6 ой аввал улардан допинг-синама олиниши ҳақида батафсил маълумот берилди. Уларга чоп этилган ва электрон шаклда турли антидопинг мавзуларига оид маълумотлар тарқатилди. Шунингдек, “ADAMS” махсус антидопинг мониторинг тизимида уларнинг шахсий варақаларини тиклаб, шахсий ва бошқа зарур маълумотларини янгилашда, умуман, мазкур тизим ва унинг мобиль иловасида ишлаш асосларини ўргатишда агентлигимиз мутахассислари яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев суҳбатлашди.