“Business indicator” (Бизнес кўрсаткичи) онлайн ахборот тизими орқали 2020 йилда Ўзбекистоннинг барча ҳудудида бизнесни ривожлантириш даражаси мониторинг қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Дилшод Абдуазизов ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш даражасини рейтинг баҳолаш ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 январдаги «Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғриси»даги қарорига мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Адлия вазирлиги "Бизнес индикатори" автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимини ишга туширди. – дейди А. Абдуазизов.– Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш даражасини баҳолаш ярим йиллик ва йил якунлари асосида мунтазам равишда олиб борилмоқда. Эътиборлиси, Ўзбекистон 2016 йилга нисбатан бизнес юритишнинг иқтисодий шарт-шароитларини яхшилаш борасида улкан ютуқларга эришди.
Тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, хусусан, солиқлар, кредитлар ва коммунал тўловлар бўйича берилган имтиёзлар, тадбиркорлик субъектларини текшириш бўйича мораторий ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш натижасида 2020 йилда бир неча йўналиш бўйича ижобий тенденциялар аниқланди.
Тадбиркорларга тегишли бўлган кўчмас мулкка зарар етказиш ҳолатлари сони 13 баробарга камайди (96 ҳолат, 2019 йилда 1260 та). Тадбиркорларга берилган кредитлар бўйича фоизлар учун компенсация миқдори 3 баробар ўсди (2,8 трилион сўм, 2019 йилда 855 миллиард сўм).
Таҳлиллар сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз фаолият юритаётган тадбиркорлар сонининг ўсишини кўрсатди: улар сони 32,5 фоизга ошди ва тадбиркорлар умумий сонининг 26 фоизини (2019 йилда 21 фоиз) ташкил этди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар иштирокида хўжалик ва маъмурий судларда кўриб чиқилган низолар 44 фоизга (97,6 минг, 2019 йилда 173,3 минг), тадбиркорлик субъектларини текширишлар сони эса 8,5 фоизга (52,3 минг, 2019 йилда 57,2 минг) камайди.
Коронавирус пандемияси даврида карантин туфайли кўплаб корхоналар вақтинча ёпилди, талаб пасайиши кузатилди, ишсизлар сони ошди. Вирус тарқалишини камайтириш учун қўлланилган ижтимоий масофа ва локдаун чекловлари иқтисодиётга таъсир кўрсатди.
Тадбиркорларнинг давлат олдидаги қарздорлиги мажбурий ижрода 3,4 баробар ошди (690 миллиард сўм, 2019 йилда 206 миллиард сўм). Шу билан бирга, тадбиркорларнинг муддати ўтган кредитлар миқдори 63 фоизга (4,8 триллион сўм, 2019 йилда 3 триллион. сўм) ошди.
Таҳлиллар жараёнида бўш турган ерлардан самарали фойдаланиш даражаси 72 фоиздан 37 фоизгача пасайгани аниқланди.
Сўров натижаларига кўра, 2020 йилда 25 мингдан зиёд тадбиркорнинг 2019 йилга нисбатан банк хизматлари, инфраструктура ва давлат органларига ишончи ортгани қайд этилди.
Шу билан бирга, респондентларнинг 44 фоизи мажбурий ҳомийлик билан шуғулланган , 40 фоизи суд қарорларига шубҳа билан қараган.
Тадқиқот натижаларига кўра, республикамизнинг вилоят ва туманларидаги шаҳарлар рейтинги тузилди. Тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳрида қайд этилди. Энг паст кўрсаткичлар Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида кузатилди.
Туман ва шаҳарлар бўйича Бектемир, Мўйноқ, Қўрғонтепа, Яккасарой ва Кармана туманлари етакчи, Бахмал, Бувайда, Тупроққалъа, Учкўприк, Самарқанд, Бекобод ва Янгийўл туманлари эса рейтингда сўнгги ўринларни эгаллади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА