Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши Конституцияда ҳуқуқий мустаҳкамланмоқда
16:56 / 2023-03-24

Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ўз мазмун-моҳияти билан «инсон – жамият – давлат» деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.

Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди. Шу маънода айтиш керакки, янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлади. Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектлари сони ортди. Жумладан, 2016 йилга нисбатан кичик бизнес тадбиркорлари сони 2,5 баробар ошди. Кичик тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши 51,8 фоизни ташкил этди. Турли йўналишларда фаолият олиб борувчи ишбилармон доира вакиллари учун солиқ имтиёзлари, преференция ва имтиёзли кредитлар тақдим этилаётгани уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермоқда.

 Маълумки, солиқлар давлатнинг молиявий ресурслари ва йиллик бюджетини шакллантиришнинг асосий манбаси ҳисобланади. Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади. Давлатнинг асосий функциялари (таълим, тиббиёт, мудофаа, жамоат тартибини таъминлаш, давлат аппаратини таъминлаш ва ҳ.к.) йиғилган солиқлар ҳисобига бажарилади. Янгиланаётган Конституциянинг 63-моддасига мувофиқ, «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. 

Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак«лиги белгиланмоқда. Солиқ кодексининг 10-моддасига мувофиқ, солиқлар ва йиғимлар камситиш хусусиятига эга бўлиши ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмас. Мулкнинг шаклига, жисмоний шахсларнинг фуқаролигига ёки капиталнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб фарқланган солиқ ставкаларини, солиқ имтиёзларини ёки бошқа афзалликларни белгилашга йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган солиқларни белгилашга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, давлат ҳам фуқаролар учун ортиқча ва оғир бўлган солиқлар ёки бошқа йиғимларни жорий этмаслик бўйича кафолат бериши, бу кафолат эса қонун билан мустаҳкамланиши керак бўлади. Янги таҳрирдаги Конституциямизга “Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши шарт», дея белгиланмоқда. Бу нима дегани? Бу — давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини албатта инобатга олади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади. Масалан; авваллари экология солиғи, жон солиғи, туёқ солиғи, бўйдоқлик солиғи каби солиқлар ҳам ундирилган. 

 

Солиққа тортишнинг адолатли тамойили... 

Қайд этиш жоизки, солиққа тортишнинг адолатлилик тамойили Соҳибқирон Амир Темур даврида «Темур тузуклари»да ҳам белгилаб қўйилган. «Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солиб қўйишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашишига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб келади», деб ёзилган. Бундан ташқари, Конституцияда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг муносиб турмуш даражаси ва сифатига эришишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга қаратилган ижтимоий давлат белгилари ўз ифодасини топган. Давлат аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилиши кафолатланган. Солиқ солишда ижтимоий давлатнинг белгилари «Темур тузуклари»да ҳам ёзилган бўлиб, «Кимки бирон саҳрони обод қилса ёки полиз қилса ёки бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғилсин», деб таъкидланган. Солиқлар давлат даромадлари таркибида энг салмоқли ўринни эгаллайди. Солиқлар ва йиғимларни жорий этишда ёки уларни оширишда солиқ тўловчиларнинг иқтисодий аҳволи ва мулкий манфаатлари адолатли тарзда эътиборга олиниши, муҳофаза этилиши зарур. Иқтисодий аҳволи турлича бўлган солиқ тўловчилар учун табақалаштирилган солиқ солишни белгилаш камситиш ҳисобланмайди, яъни иқтисодий ва бошқа камситмайдиган асослар бўйича фарқлашга йўл қўйилади. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзини-ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзларининг белгилангани. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилди. Шу қаторида ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Солиқ кодексидаги мазкур имтиёздан 2022 йилнинг 11 ойида 3 126 та корхонада 18,9 млрд. сўм фойдаланган. Худди шундай Солиқ кодекснинг 408-моддасига асосан меҳнат стажига эга бўлиши учун ўтган 2022 йил давомида 330,8 минг нафар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс 85,9 млрд. сўм ижтимоий солиқ тўловини амалга оширган. Мазкур норманинг киритилиши барча солиқ тўловчиларнинг қонун олдида тенглигини таъминлашга, ижтимоий адолат принципининг қарор топишига, солиқларни йиғиш даражасининг ошишига, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шунингдек, «Амр қилдимки, ҳосил пишиб етилмасдан бутун раиятдан молу жиҳот олинмасин. Ҳосил етилгач, ҳосилни уч бўлиб олсинлар. Агар раият солиқ тўловчи юбормасдан, солиқни ўзи келтириб берса, у ҳолда у ерга солиқ тўпловчи юбормасинлар. Агарда солиқ олувчини юборишга мажбур бўлсалар, улар солиқларни буйруқ бериш ва яхши сўз билан олсинлар, калтак арқон ишлатиш, ишни уриш-сўкишгача олиб бормасинлар. Уларни банди этиб, занжир билан кишанламасинлар. Яна буюрдимки, хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар», деб белгиланган. Яна бир муҳим масала, Конституциянинг 1-моддасида «Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат», деб белгиланмоқда. Демак солиқ муносабатларининг қонунийлиги, ҳуқуқийлиги ва дунёвийлиги икки томонга — солиқ тўловчи ва солиқ ундирувчига ҳамда уларнинг ҳуқуқий маданиятига ҳам бевосита боғлиқдир. Яъни солиқ тўловчилар бугунги кунда «Инсофли солиқ тўловчи» ва солиқ ундирувчилар эса «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида ишлаши талаб этилади. Фуқаролар солиқ тўлаш бўйича Конституцион мажбуриятларини ўз вақтида бажарсалар, солиқ органлари эса давлат хизматчиси сифатида белгиланган вазифа ва мажбуриятларини аъло даражада бажаришлари керак бўлади. Бунда энг аввало, мажбурламасдан, маданият билан этика-эстетика қоидаларига риоя қилган ҳолда солиқ тўловчиларга тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари лозимдир. Масалан: Японияда фуқаро солиқ тўламаса ва ўз вақтида даромадлари тўғрисида декларацияни тақдим этмаса, бундай фуқаро билан ҳеч ким алоқа қилмайди, гаплашмайди ва жамиятдан четлаштирилади. Ушбу фуқароларга нисбатан давлатга қарши, деб муносабат билдиришар экан. Керак бўлса, солиқни тўлаш учун даъват қилиб, уни тўламагунга қадар қўйишмайди. Бу эса ватанпарварликнинг юксак намунасидир. 

 

Яна бир янги норма... 

Киритилаётган яна бир янги норма «Солиқ ва йиғимлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак«лиги белгиланмоқда. Бу нима дегани? Бу — солиқлар фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқлари, хусусан, сайлаш ва сайланиш, мулкдор бўлиши ва мулк дахлсизлиги, уй-жойли бўлиш, меҳнат қилиш, дам олиш, таълим олиш, илм билан шуғулланиш, даволаниш ва тиббий хизматдан фойдаланиш ва ҳ.к.лар каби ҳуқуқларидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Давлат Конституцияда инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатламоқда. Масалан: оддий қилиб тушунтирилганда, агар фуқаронинг солиқдан қарзи бўлса ёки уни тўла олмаса, мажбурий ундирув унинг мол-мулкига қаратилмайди, мол-мулки ёки уй-жойи мусодара қилинмайди. АҚШнинг Калифорния штатида фуқаронинг солиқдан қарзи бўлиб, уни вақтида тўламаган бўлса, ўша штатдаги сайлов жараёнларида қатнашиш ва сайлаш ҳуқуқидан маҳрум этилар экан. Демак, давлат солиқларни жорий қилиш ва ундиришда солиқ солишнинг адолатлилик, мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланиши лозим. Солиқ кодекси ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари Конституцияга зид бўлиши мумкин эмас. Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилди, аҳолига, бизнесга солиқ имтиёзлари қўлланилди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси туширилиб, 12 фоиз миқдорида белгиланиб, ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Хусусан, 2020 йилдан жорий қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ, 13 та солиқ тури 4 тага қисқартирилиб, 9 тага камайтирилди. Бу эса ижобий ўзгаришлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун ҳуқуқий асос бўлади. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда конституциявий ҳуқуқларимизни амалга оширишимиз учун, келажакка бефарқ бўлмай, ўтказиладиган референдумда фаол қатнашишимиз лозим. 

Жаҳонгир ЎРМОНОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети 

«Иқтисодий фанлар» кафедраси бошлиғи, профессор