Сўнгги йилларда Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда солиқ тўловчилар билан очиқ ва шаффоф муносабатларни йўлга қўйиш устувор йўналишлардан бирига айланди. Ана шу ислоҳотлар натижасида 2025 йилда республика миқёсида солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилиши юқори даражага чиқди.
Солиқ қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, 2025 йил якуни билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилиши ўртача 97 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич солиқ тизимида ишонч муҳитининг шаклланаётгани ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ошиб бораётганидан далолат беради.
Айниқса, йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш самарадорлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, йирик солиқ тўловчилар бўйича Ҳудудлараро солиқ инспекцияси (ҲСИ) ҳисоботларига кўра, ушбу тоифада солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилиши 98 фоиз даражасида қайд этилди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида мазкур кўрсаткич 97 фоизни ташкил этган. Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида эса ихтиёрий солиқ тўлаш даражаси 96 фоиз атрофида шаклланган.

Солиқ турлари кесимида ҳам ижобий тенденция кузатилмоқда. Жумладан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ихтиёрий тўловлар 100 фоиз бажарилган. Акциз солиғи бўйича бу кўрсаткич 98 фоиз, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), фойда солиғи ҳамда айланмадан олинадиган солиқлар бўйича эса 97 фоизни ташкил этган. Жисмоний шахслар даромад солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича ихтиёрий тўлов даражаси 96 фоизга тенг бўлган.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай натижаларга эришишда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш, электрон ҳисоботлар, онлайн-назорат механизмлари, солиқ тўловчилар учун яратилган қулай электрон хизматлар ҳамда профилактик тушунтириш ишларининг самараси катта. Шунингдек, солиқ органларининг жазолашдан кўра, маслаҳат ва кўмак беришга йўналтирилган янги иш услуби ҳам солиқ интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, солиқ тўловларининг ихтиёрий бажарилиши бўйича эришилган юқори кўрсаткичлар давлат бюджети даромадларининг барқарорлигини таъминлаш, соя иқтисодиётини қисқартириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА