Сайёҳларни ҳимоя қилиш халқаро кодекси БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) томонидан қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлиб, у бутун дунёдаги сайёҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсиз, адолатли туризмни таъминлаш, туризм соҳасидаги ташкилотларнинг масъулиятини ошириш ҳамда сайёҳлар ва туризм хизмат кўрсатувчилар ўртасида ишончни мустаҳкамлашни режалаштирган.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон жорий йилнинг 24 февралида Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг Сайёҳларни ҳимоя қилиш халқаро кодексига расман қўшилган. Соҳа вакилларининг таъкидлашича, мамлакатимизда ушбу кодексга амал қилиш орқали барча сайёҳлар учун янада хавфсиз ва ишончли саёҳат муҳитини яратиш мақсад қилинган.
Туризм қўмитаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда Сайёҳларни ҳимоя қилиш халқаро кодекси қоидалари изчил равишда амалга оширилмоқда.
Ҳозирда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қонунчилик, шартномавий амалиёт ва хизмат кўрсатиш стандартларини халқаро тавсияларга мувофиқлаштириш мақсадида “Кодекс нормаларини жорий этиш бўйича йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шунингдек, туризм бизнеси вакиллари иштирокида ўтказилаётган ахборот тадбирлари доирасида Кодекс нормалари ва қоидалари бўйича барқарор тушунчаларни шакллантириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлар шартномаларда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни янада аниқроқ акс эттириш бўйича рағбатлантирилмоқда.
Бугунги кунга келиб 70 дан ортиқ туристик фаолият субъекти ўзларининг шартнома ҳужжатларига ўзгартириш киритиб, асосий қоидаларни Сайёҳларни ҳимоя қилиш халқаро кодекси тавсияларини инобатга олган ҳолда қайта шакллантирди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, аниқ шартномалар тузиш, бекор қилинган сафар ёки хизмат учун қайтариш ва алмаштириш имкониятини яратиш, сайёҳ хавфда қолганда тезкор чора кўриш туризм ташкилотларининг мажбуриятларидир.
Кодекснинг амалиётда қўлланилиши Ўзбекистоннинг халқаро саёҳатлар учун ишончли ва масъулиятли йўналиш сифатида имижини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА