Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда санъатга қаратилаётган эътибор ибратга арзигуликдир
12:45 / 2025-09-03

Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида янги ўқув йилининг бошланиши қўшалоқ байрамга айланиб кетди.

Мазкур олий ўқув юрти ташкил этилганининг 5 йиллиги ҳамда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирга ижодкор зиёлилар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, Жанубий Кореядан келган  ижодий хор жамоасининг вакиллари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати  институти ректори Элдор Шерманов мамлакатимизда маданият ва санъат ривожи, айниқса мусиқий таълим равнақи  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини алоҳида эътироф этдилар.

[gallery-25145]

— Институтимизда талабаларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган, – деди олий ўқув даргоҳи ректори Элдор Шерманов. – Ўқув йўналишларимиз кўпайди, айни пайтда миллий мусиқа санъатимизга меҳри баланд бўлган энг иқтидорли ёшлар талабалар сафига қабул қилинди. Олий ўқув юртимизда билим берилаётган достончилик, бахшичилик, мақом каби санъат йўналишлари ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритилган. Шу билан бирга мазкур бетакрор санъат турлари тобора кўпроқ хорижлик меҳмонларнинг эътиборини ўзига жалб этмоқда. Яқиндагина Президентимиз фармони билан институтимизнинг беш нафар вакили Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани жамоамизнинг улкан ютуғидир.

– Ўзбекистонга келишни анчадан буён орзу қилардим, – деди Жанубий Кореянинг Чхорвон (Cheorwon) тумани ҳокими Лее Хьюжонг. – Бундай тантанали тадбирда қатнашаётганимдан беҳад мамнунман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий маданият ва санъатга қаратаётган эътибори ибрат олишга арзигуликдир.

Тадбирда мамлакатимиз ва Корея ўртасида маданий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбек миллий мақом санъати усталари, ижрочи ёшлар ҳамда Жанубий Корея хор жамоаси иштирокида катта  концерт дастури намойиш  этилди.

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари