Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда “Россия маданияти кунлари” бошланди
21:03 / 2025-05-29

Aйни кунларда Ўзбекистонда "Россия маданияти кунлари" тадбири бўлиб ўтмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” форумлар саройида “Россия маданияти кунлари” тадбирининг тантаналари очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу маданий-маърифий лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи комиссияси бешинчи мажлиси ташкил этилди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Россия Федерацияси маданият вазири Ольга Любимова иштирок этиб, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданият соҳасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. 

Шунингдек, томонлар шериклик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, бағрикенглик, манфаатли ҳамкорлик руҳида икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида маданий соҳадаги алмашинув ва ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олдилар. 

[gallery-23663]

Жумладан, ҳамкорликда ижодий танлов ва фестивалларни ўтказиш, таълим, саҳна манбаи, кинематография бўйича ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бўйича галдаги истиқболли режалар белгиланди.

“Ўзбекистон” форумлар саройида “Россия маданияти кунлари” тадбирининг тантанали очилиш маросимига бағишланган концерт бўлиб ўтди. 

Унда Россия Федерацияси халқ артисти Сергей Жилин раҳбарлигидаги фонограф-симфо-жаз оркестри билан бирга, етакчи рус эстрадаси ижрочиларининг мусиқий дастури намойиш этилди. 

Жумладан, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Пелагея, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист ва "Овоз" шоусининг иккинчи мавсуми ғолиби Сергей Волчков, "Овоз" телекўрсатувининг учинчи мавсуми ғолиби Aлександра Воробёва, Россия ва халқаро "Вокал" тоифасидаги олтин медаль совриндори Софья Онопченко, Татаристон Республикасида хизмат кўрсатган артист ва "Овоз" шоусининг финалчиси Элмира Калимуллина, Катта театрнинг Ёшлар операси дастури артисти (баритон) Николай Землянских каби ижрочилари иштирок этдилар.

Айтиш керакки, Ўзбекистонда “Россия маданияти кунлари” лойиҳаси доирасида 30 май куни Самарқанддаги “Боқий шаҳар” сайёҳлик мажмуаси ҳудудида “Россия маданияти кунлари”нинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади. 

Концерт дастури ўтказиладиган жойларда “Россия: табиат, архитектура ва инсон уйғунлиги” номли ноёб фотокўргазма ташкил этилиб, у Россиянинг энг гўзал гўшаларини – улуғвор шаҳарлардан тортиб қўриқланадиган табиий ҳудудлар ва машҳур сайёҳлик йўналишларигача қамраб олади.

Шунингдек, “Россия маданияти кунлари” доирасида Миллий кино саройида “Роскино” ташкилоти билан ҳамкорликда Россия кинофестивали бўлиб ўтади. 

Томошабинлар "Қон гуруҳи" (режиссёр Максим Бриус), "Маданий комедия" (режиссёр Владимир Котт), "Тўтиқуш Кешанинг қайтиши" (режиссёр Олег Aсадулин), "Федя. Халқ футболчиси" (режиссёр Николай Aкелкин), "9 сония" ва "Ўйинчи" каби фильмларни томоша қилишади.

Ўзбекистонда ўтказилаётган “Россия маданияти кунлари” мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган маданий-гуманитар ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари