Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида миллий терма жамоалар учун юқори малакали ва натижадор спортчиларни тайёрлаш, разрядли ва унвонли спортчилар сонини камида 15 минг нафарга етказиш вазифаси белгиланган.
Хўш, ўтаётган йил давомида ушбу йўналишда қандай ишлар амалга оширилди?
Ҳар қандай спортчининг юқори натижаларга эришиши, маълум бир разряд талабларини бажариши, машғулотларнинг самарали ўтказилиши ҳамда республика даражасидаги мусобақаларда қайд этган натижалари билан белгиланади. Эътиборли жиҳати, ўтаётган йил давомида спорт турлари бўйича Спорт вазирлиги тақвим режасидаги чемпионатлар, биринчиликлар, турнирлар юқори савияда ташкил этилгани билан эътиборга молик бўлди.

Юртимизда спортчиларни, рўйхатга олишнинг ягона электрон тизими жорий этилиши натижасида ҳозир нафақат Ўзбекистон чемпионати, балки ҳудудий мусобақалар, уларда қатнашаётган ёш спортчиларнинг натижалари тегишли спорт федерацияларида, таълим муассасаларидаги мутахассислар иштирокида кўриб чиқилмоқда, таҳлил этилмоқда. Маълум бир хулосалар, таклифлар илгари суриляпти. Спортчиларга унвон ва разрядларни бериш тизимида шаффофликни таъминлаш ишларида ижобий кўрсаткичлар қайд қилинмоқда.
Жорий йилда мамлакатимиз бўйича умумий ҳисобда 27 минг 167 нафар разрядли ва унвонли спортчилар тайёрланди. Шундан 26 минг 707 нафари разрядли, 460 нафари унвонли спортчилар ҳиссасига тўғри келди.

Натижада разрядли ва унвонли спортчилар сони ўтган даврга нисбатан 14,5 фоизга ошгани ва давлат дастурида кўзда тутилган мақсад тўлақонли бажарилганини таъкидлаш лозим.
Шундай ҳолатда разрядли ва унвонли спортчилар сони ҳудудлар кесимида қандай кўринишга эга, деган ҳақли савол туғилади.

Бу борада Фарғона вилояти 3 минг 281 нафар разрядли ва унвонли спортчиларни тайёрлаган ҳолда етакчиликка эришган бўлса, кейинги ўриндан жой олган Сурхондарё вилоятида 3 минг 163 нафар шундай даражага эришганлар тайёрланган. Қорақалпоғистон Республикасида 1 636, Андижон вилоятида 1 579, Бухоро вилоятида 2 900, Жиззах вилоятида 1 096, Қашқадарё вилоятида 1 384, Навоий вилоятида 1 473, Наманган вилоятида 1 587, Самарқанд вилоятида 1 641, Сирдарё вилоятида 2 527, Тошкент вилоятида 2 038, Хоразм вилоятида 1 608 ва Тошкент шаҳрида 1 254 нафар разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаган.
Шу ўринда айтиш лозим, бу борада спорт унвонлари ва разрядларини бериш тартиби муҳим ўрин тутади. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 ноябрдаги тегишли қарори билан “Спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган бўлиб, ушбу ҳужжат орқали спорт унвонларини бериш жараёни аниқ меъёр ва шаффоф тартибга солинди.

– Мазкур регламент асосида йил давомида жами 6 минг 385 та спорт унвонларини олиш бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилди. Шундан 5 минг 573 таси “спорт устаси”, 812 таси “халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонларини бериш бўйича аризаларга тўғри келади. Якуний хулосаларга кўра, 1 минг 910 та ҳужжат, жумладан 1 минг 713 та “спорт устаси” ва 197 та “халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонлари тасдиқланди, – дейди спорт вазирининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Нурбек Саломов.
Эътиборли жиҳати, яратилган қулайликлар ҳамда белгиланган режалар натижасида Ўзбекистонда миллий терма жамоалар захираси кенгайиб, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган юқори малакали спортчилар авлоди етишишига мустаҳкам замин тайёрланмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА