Ўзбекистонда товарларнинг ҳаракатини назорат қилиш тизими янада такомиллаштирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 11 февралида “Рақамли маркировкаланган товарларнинг ҳаракатини кузатиб бориш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июндан Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар сув ҳамда салқин ичимликлар учун рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш тизимини жорий қилади. Бу ташқи савдони осонлаштириш ва халқаро мониторингни тезкор қилиш имконини беради.
Маълумотлар ва рақамли кодларни тан олиш, уларни назорат қилиш вазифаси Солиқ қўмитасига топширилди. Бу орган рақамли маркировка тизимида барча ҳуқуқий ва техник масалаларни юритади.
Маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими “Asl belgisi” — рақамли маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва ҳимоя қилиш учун асосий оператор сифатида белгиланди. Бу тизим товарлар ҳаракатининг ҳар бир босқичини электрон тизимда рўйхатга олишни таъминлайди.
Рақамли маркировка маълумотлари фақат Ўзбекистон ҳудудида жойлашган дата-марказларда сақланади ва қайта ишланади. Шу билан бирга, улар хорижий давлат органлари ва ташкилотлар билан халқаро шартномалар асосида, ахборот хавфсизлиги талаблари сақланган ҳолда алмаштирилиши мумкин.
Мазкур қарор билан контрафакт ва яширин савдонинг олди олинади. Савдо ва экспорт-импорт жараёнлари осонлаштирилади. Ахборот хавфсизлиги кучайтирилади.
Ўзбекистонда рақамли маркировка тизимининг такомиллаштирилиши, нафақат ички бозорда шаффофликни таъминлайди, балки халқаро савдо ҳамкорликларини ҳам мустаҳкамлайди.
Ш.Маматуропова, ЎзА