Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Фанлар академияси Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни кўмиш пункти негизида юридик шахс мақомига эга бўлган Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ташкил этилади.
Қарорга кўра:
Марказ республикадаги радиоактив чиқиндиларни махсус автотранспортда ташиш, қабул қилиш, саралаш ва узоқ муддатли хавфсиз сақлаш бўйича ягона хизмат кўрсатувчи давлат муассасаси сифатида фаолият юритади;
Марказ ходимларининг умумий чекланган сони 34 нафар этиб белгиланди;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан Марказ тузилмаси ва устави тасдиқланди;
Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий ташкилотлари ходимларига тенглаштирилади;
Марказнинг шартнома асосида бажарилган ишлари ва хизматларидан тушадиган маблағларнинг камида 50 фоизи моддий-техник базани мустаҳкамлашга, кўпи билан 50 фоизгача бўлган қисми ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирларига йўналтирилишига рухсат берилади.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
республикада ишлаб чиқарилган ва унга олиб кирилган, ишлаш муддати тугаган ёки ишдан чиққан радиоактив манбалар, радиоактив моддалар билан ишлаш жараёнида ҳосил бўлган радиоактив чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш, узоқ муддатли сақлаш;
радиоактив чиқиндилар билан муомала қилишнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва бу соҳада илмий тадқиқот ўтказиш;
соҳада рақамлаштириш ва ахборот технологияларини қўллаш ҳамда тегишли давлат органлари билан ахборот алмашинувини таъминлаш;
хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва соҳага илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш.
Қарор билан:
Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш марказини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари ва тариф коэффициентлари тасдиқланди.
ЎзА