Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда қурилаётган уйларнинг сифати ва зилзилабардошлиги доимий назоратда (видео)
09:28 / 2023-09-13

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида “Қурилишда сифат ва назорат” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Соҳа мутахассислари томонидан “Маъмурий ислоҳотлар доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган долзарб вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди.  

Шунингдек, тадбирда қурилиш объектларининг ёнғин ҳамда зилзилага бардош бера олиш имкониятлари хусусидаги саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.  

– Замонавий нормалар ва технологияларни татбиқ қилиш мақсадида илғор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Абулқосим Абдухолиқов. – Хусусан, сейсмик ва зилзилага оид норматив ҳужжатлар бўйича Япония, ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатлар бўйича АҚШ, қурилиш нормаларини геология, табиий-иқлим ҳамда сейсмик хусусиятларни инобатга олган ҳолда хорижий нормалар билан уйғунлаштириш бўйича Жанубий кореялик экспертлар жалб этилган.  

Жорий йилда Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти томонидан 44 та ШНҚлари ўзаро умумлаштирилиб, 13 тагача қисқартирилади. 35 та ШНҚлари 16 та “Смета-ресурс нормалари” тўпламларига бирлаштирилмоқда. Албатта, бу сингари ишларнинг бари соҳа учун жуда зарур ва долзарб бўлган йўналишлардир. Чунки иморатни қурган билан унда зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги каби масалаларга эътибор қаратилмас экан, бино одамлар учун мустаҳкам ва ишончли қўрғон бўла олмайди.  

Институт томонидан жаҳон майдонида ўзини оқлаган тажрибалар, нормалар бизда ҳам жорий этилиши, қурилиш материалларини стандартларга мувофиқлиги юзасидан синовдан ўтказиш жараёнлари устида узлуксиз ишлар амалга оширилмоқда.  

–Соҳада “Қурилиш назорати” ахборот тизими жорий қилиниб, мониторинг жараёнларининг рақамлаштирилгани қурилишда сифат назоратини янги босқичга олиб чиқди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Алижон Соатов. – Ушбу тизим орқали 2022 йилда 30 мингдан ортиқ объект назоратга олинди. Жойлардаги ҳудудий назорат инспекциялари томонидан қурилиш объектларининг конструктив ечимлари, техника хавфсизлиги, ШНҚ ва ҚМН талаблари, қурилиш жараёнларининг лойиҳа ҳужжатлари асосида олиб борилиши юзасидан, шунингдек, ноқонуний қурилмаларни аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари мунтазам равишда олиб борилмоқда. Жараёнда аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган буюртмачи, пудратчи ёки лойиҳа ташкилотлари вакилларига тегишли чоралар кўрилмоқда.  

Хусусан, жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, ҳудудий инспекциялар томонидан берилган ёзма кўрсатмаларнинг ижроси белгиланган муддатларда таъминланмагани сабабли МЖтКнинг 99-моддаси бўйича жами 3 минг 220 та мансабдор шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. Тўхтатилган қурилиш-монтаж ишлари сони 864 тани, олиб борилган буздириш ишлари сони эса 265 тани ташкил қилмоқда.  

Шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан қурилиш объектларида сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлардан фойдаланилгани учун тегишли орган ва ташкилотларга 560 та ҳолат юзасидан тақдимномалар киритилган.  

Тадбирда уй-жой харид қилишда фуқаролар эътибор қаратиши керак бўлган жиҳатлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Афсуски, сўнгги пайтларда ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва фуқаролар ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг маблағини ўзлаштиришни мақсад қилганлар ҳам тез-тез учрамоқда. Қурилиши ҳали битмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан улушдор сифатида хонадон сотиб олишда фуқаро уйнинг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки йўқлигини текшириши кераклиги экспертлар томонидан таъкидланди.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/rlt7lF1FqRY?si=JoesqvSkEdiGqTok" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА