Барчага маълум, яқинда Туркия ва Сурия давлатида кузатилган зилзила натижасида минглаб уй-жойлар, иншоотлар вайронага айланди. Мутахассислар бу уйларнинг кўпи янги қурилган уйлар эканлигини қайд этишмоқда.
Бугунги кунда кўпчилик юртдошларимизда мамлакатимизда қурилаётган уй-жойлар зилзилага бардошлилиги тажрибадан ўтказилганми, неча баллгача зилзилага бардош бера олиши юзасидан саволлар пайдо бўляпти.
Бу каби саволларга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қуйидагича жавоб берди:
“Шаҳарсозлик кодексининг 5-боб, 26-моддасида қурилишни назорат қилишда функционал мажбуриятлар белгилаб қўйилган. Бунда шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан қурилишга тайёргарлик кўриш ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж, ишга тушириш, созлаш ишларини бажариш қатъий назорат қилинади. Шунингдек, объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш даврида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига риоя этилиши текширилади.
Объектларни қуриш чоғида қурилиш устидан давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати бўлиши талаб этилади. Белгиланган қонунчиликка кўра, бино ва иншоотларнинг зилзила бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, фуқаро ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи конструктив қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатиб қўйилади. Шу билан бирга демонтаж ишлари амалга оширилиши талаб қилинади.
Aгар сифатсиз қурилиш материаллари, конструкциялар ҳамда буюмлар қўлланилган бўлса, уларни ишлаб чиқаришни, реализация қилиш ҳамда қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тақдимномалар юборилади.
Бу жараёнларда қурилишда назорат инспекцияси томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, илмий-техник ва илмий-тадқиқот ташкилотлари экспертлари иштирокида давлат назорати тартибида текширувлар ўтказилади.
Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларида қурилиш ишларида сифатга кафолат бериш ҳамда улар лозим даражада бажарилмаган тақдирда пудратчининг жавобгарлиги ҳам белгилаб қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, лойиҳа ташкилотлари томонидан қурилишлар ҳудуднинг белгиланган сейсмик балига кўра (7, 8, 9) режалаштирилган ҳолда лойиҳалаштирилади. Экспертиза органлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда объектнинг лойиҳа смета ҳужжатлари, йиғма экспертиза хулосаси (бунда ёнғин хавфсизлиги ва сейсмик бардошлилиги инобатга олиниши зарур) олинади”, дейилади вазирлик жавобида.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА