French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун табиий офатлар хавфи таҳлил қилинди
17:02 / 2023-02-17

Табиий офатлар иқтисодиёт, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигига катта зарар етказиши табиий. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълум қилишича, табиий офатлар натижасида юзага келаётган иқтисодий йўқотишлар соҳадаги 63 фоиз кўрсаткични ташкил қилади.

2022 йил ФАО сайтида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сектори учун табиий офатлар хавфини камайтириш тизимининг ҳар томонлама таҳлили нашр этилди. Таҳлил ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қурғоқчилик ва шўрланиш хавфининг олдини олиш бўйича мутахассиси Азиз Нурбеков томонидан тузилманинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва миллий ҳамкорлар – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази кўмагида тайёрланган.

Молиявий ёрдам ФАО ва Глобал Экологик Жамғарманинг “Марказий Осиё, Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси томонидан тақдим этилган.

– Кичик фермерлар, чорвадорлар, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаси табиий офатлар, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига учрайди, чунки уларнинг ҳаёти қишлоқ хўжалиги соҳасига боғлиқ, – деди таҳлил муаллифи А.Нурбеков. – Ушбу таҳлилимиз қишлоқ хўжалигида эрта огоҳлантириш ва табиий офат хавфини олдини олиш тизимининг ҳозирги ҳолатини ёритиб берди. Умид қиламизки, бу мамлакатимизнинг табиий офатлар хавфи борасидаги салоҳиятини янада оширишга асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун табиий офатлар хавфини камайтириш институционал тизимининг кучли томонлари бўйича мавжуд эҳтиёжлар ҳақида маълумот берилган. Жумладан, ҳуқуқий, сиёсий ва институционал асослар таҳлил қилинган, табиий офатлар хавфини баҳолаш, кейинги зарар, шунингдек, фермерлар учун қишлоқ хўжалиги суғуртасининг мавжудлиги каби масалалар кўриб чиқилган.

Хулоса қилиб айтганда, диёримизда табиий офатлар, хусусан, сув тошқини, кўчки ва қурғоқчилик, шунингдек, иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини камайтириш бўйича мавжуд тизимни такомиллаштиришга оид тавсиялар берилган.

Маълумот ўрнида: таҳлил ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги табиий офатлар хавфини камайтириш тизимининг асосий тадқиқотларидир. Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Украинада ҳам шундай тадқиқотлар ўтказилган.

Б.Худойбердиев, ЎзА