Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозоридаги жиддий муаммо ва бўшлиқлар нималардан иборат? – Мутахассис билан суҳбат (+видео) 
20:19 / 2023-12-06

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, ҳалигача соҳада кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Бу борада Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти Самариддин Маҳмудов билан суҳбатлашамиз. 

– Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозори ривожланишига тўсқинлик қилаётган жиддий муаммо ва бўшлиқлар нимада деб ўйлайсиз? Бу каби муаммоларга ечим борми? 

– Дарҳақиқат, бугунги кунда илғор хориж тажрибалари асосида компанияларни молиялаштиришда фонд бозорлари орқали молиялаштириш амалиёти жадал ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда фонд бозорини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Лекин, шу билан бирга Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бир қанча муаммолар ҳам мавжуд. 

Биринчидан, ликвидлик инструментларнинг фонд бозорида салмоғи, яъни ликвид қимматли қоғозларнинг улуши камлиги. Иккинчидан, мамлакатимиздаги аҳолининг кўплаб қисмида молиявий саводхонликнинг етишмаслиги. Учинчидан, аксарият фонд бозорида иштирок этувчи акциядорлик жамиятларида капиталнинг катта қисмини давлат улуши ташкил этиши. Тўртинчидан, аҳоли жамғармаларининг камлиги, яъни аҳоли даромадларининг истеъмол билан чеклангани. Бешинчидан, макроиқтисодий кўрсаткичлардаги ўзгаришлар, хусусан инфляция даражасининг ўсиши. Олтинчидан, тижорат банкларида омонат ва кредит ставкаларининг баландлиги, бу ўз навбатида облигациялар бозорининг ривожланишига тўсқинлик қилишидадир. 

Албатта, тижорат банкларида омонат ва кредит ставкаларининг баландлиги бошқа макроиқтисодий кўрсаткичлардаги динамик тебранишлар натижасида вужудга келади. 

– Мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозори савдо тизимларининг қандай турлари мавжуд, қандай таснифланади? 

–Юртимизда қимматли қоғозлар бозори уюшган ва уюшмаган савдо тизимларидан иборат. Уюшган савдо тизими таркибига “Тошкент” РФБ, Республика валюта биржасининг фонд бўлими ҳамда “Эльсис-савдо” электрон савдо тизимлари киради. Уюшмаган савдо тизими таркибидан нотариуcлар ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинувчи савдо битимлари, марказий депозитарий томонидан рўйхатга олинувчи савдо битимлари ҳамда Эмитентнинг ички савдо битимлари, кредитор билан қимматли қоғозлар пакети бўйича савдо битимлари ўрин олган. 

Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича бир қанча меъёрий-ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган ва вазифалар қўйилган. Жумладан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан. 

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фонд бозори ва қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш бўйича кенг қамровли мақсадлар ва вазифалар белгилаб берилган. Унга кўра, иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида келгуси 5 йилда фонд бозори айланмасини 200 миллион АҚШ долларидан 7 миллиард АҚШ долларига етказиш белгиланган. 

Шунингдек, мамлакатимизда капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштириш ҳамда йирик корхоналар ва улардаги улушларни (акцияларни), фонд биржаси орқали хусусийлаштириш, давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улушини 60 фоизгача етказиш белгиланган. 

Қолаверса, корпоратив қимматли қоғозлар бозорида ликвидликни ошириш, давлат улуши мавжуд корхоналарда хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтларини жалб қилиш, давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш, “Асакабанк”ни хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда трансформация қилиш ва хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда “Халқ банки”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Микрокредитбанк”, “Агро банк”, “Ўзмиллийбанк”нинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш «йўл харита»ларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш каби бир қанча вазифалар белгиланган. Ушбу белгиланган вазифаларнинг бажарилиши қимматли қоғозлар бозорининг салмоғини ва ривожланиш имкониятларини оширади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0Ujs6kwdt6I" title="МУТАХАССИС ФИКРИ: Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозоридаги жиддий муаммо ва бўшлиқлар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА