Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўтказилган матбуот анжуманида соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан бири бўлган жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов олдини олиш лозим бўлган жиноятлар жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 192 тага камайганини қайд этди. Жумладан, қотиллик жинояти 15 фоизга камайган.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, ўғрилик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, безорилик, йўл-транспорт ҳодисалари ва транспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятлар бўйича ҳам камайиш кузатилган.

Ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, муқаддам судланганлар, мастлар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам камайган. Бироқ номусга тегиш жинояти 6 фоизга ошган.
– Қайд этиш керакки, давлатимиз зўравонликка қарши курашга қаратилган қонун қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат ҳисобланади, – деди Тергов департаменти раҳбари Р.Ашропов. – Бу борадаги ишлар шахсан Президент Администрацияси раҳбари томонидан назоратга олинган. Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Умуман олганда, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳар бир қилмиш учун “жазо муқаррарлиги”ни таъминлаш борасида бундан кейин ҳам кучайтирилган тарзда тизимли ишлар олиб борилади.
Кейинги беш йилда 50 мингга яқин наркожиноят аниқланиб, 10,5 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалари олинган. Бу борада йилдан-йилга кўпайиш тенденцияси кузатилмоқда.
2021-2024 йилларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини қўлбола усулда ишлаб чиқарувчи 11 нарколаборатория аниқланган бўлса, жорий йил 11 ойида бу кўрсаткич 13 тага етган.

Беш йилда ноқонуний муомаладан олинган синтетик гиёҳвандлик воситалари миқдори йигирма бараварга, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тўққиз бараварга ўсган.
Оғир турдаги гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш)нинг ноқонуний айланмаси уч бараварга ошган.
Интернет тармоғи ёрдамида гиёҳвандлик воситалари савдоси кўпайиб, жорий йилнинг ўтган даврида ҳар учинчи наркожиноят интернет ёрдамида содир этилган.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари рекламаси билан боғлиқ наркограффити 2021 йилга нисбатан кескин кўпайган. (227 тадан 12 минг 640 тага).
Бу борадаги жиноий гуруҳларни аниқлаш, чегарадаги ишларни кучайтириш, ҳар бир давлат идораларининг масъулиятини ошириш, наркожиноятларга қарши курашишда янгича иш услубларини амалиётга жорий этиш борасида қатъий чора-тадбирлар белгиланди.
2021-2025 йиллар давомида мингдан зиёд уюшган гуруҳлар таркибидаги 4 минг 217 нафар шахс томонидан 5 минг 358 та жиноят содир этилгани аниқланиб, фаолиятига чек қўйилди.
Уюшган гуруҳларнинг 71 таси давлатлараро, 240 таси вилоятлараро, 344 таси бир вилоят ҳудудида, 413 таси бир туман (миқёсида фаолият юритган. Улар мулкий, иқтисодий, жамоат тартибини бузиш, шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши, коррупциявий, мансабдорлик, гиёҳвандлик, одам савдоси, терроризм каби жиноятлар билан шуғулланиб келган.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА