Таҳлилларга кўра, юртимизда айрим товарлар бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ёки мавжуд қувватларни кенгайтириш имкониятлари ортиб бормоқда. Бу эса импорт ҳажмини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистонда қайси турдаги импорт маҳсулотларига эҳтиёж юқори? Айни саволлар юзасидан Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаровнинг фикрларига қизиқдик.
– Жорий йил 25 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, Божхона қўмитаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда барча иштирокчилар учун қулай бўлган тартиботларни, шу жумладан, логистика хизматларини ўз ичига олган ахборот платформаси амалиётга жорий этилади, – дея фикрини бошлайди Қаҳрамон Умаров.
– Бунда тизим орқали ташқи савдони амалга оширишда барча идоралар учун ягона шаклда ариза тақдим қилиш, экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштириш, логистика, банк ва экспертиза хизматларидан фойдаланиш, божхона ва юк операцияларини амалга ошириш имкониятлари яратилади. Шу ўринда божхона фаолияти жараёнида қилинган таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, бугун юртимизда импорт ҳажмини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалаларида кенг имкониятлар яратиб келинмоқда. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда товарлар импорти йилдан-йилга ўсиб, 2025 йилнинг 8 ойида 10 фоизга ошган.
Энди бевосита “Ўзбекистонда қайси турдаги импорт маҳсулотларига эҳтиёж ортмоқда?” деган саволингизга келсак.
Қилинаётган импорт таркибида асосан технологик асбоб-ускуналар, металл ва металл буюмлари, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехника, ёқилғи-энергетика ҳамда нефть маҳсулотлари устунлик қилмоқда.
Масалан, литий-ион аккумуляторлар импорти 2024 йилда 19 баробарга ошиб, 160,5 миллион долларни ташкил этган. Мазкур товарни маҳаллий ишлаб чиқариш харажатлари импорт нархидан бир неча баравар арзон эканлиги маълум бўлган.
Шунингдек, “Нурликон” конида литий захиралари аниқланганлиги эътиборга олинса, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиб, аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболли эканлиги ойдинлашади. Айни жараёнда ишлаб чиқарилган маҳсулотни хорижий бозорларга экспорт қилиш имкониятлари ҳам юзага келади.
Яна бир мисол, автомобиль мотор мойлари импорти 53 минг тоннани ёки 94 миллион долларни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 7 фоизга ошган.
Шу боис, хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда базавий мой ишлаб чиқариш заводи қуриш, қўшимчалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва “Dexos” стандартига эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини яратиш орқали ички бозорда импортни қисқартириш мумкин.
Бундан ташқари, импорт товарлар рўйхатида қурилиш ойналари ҳам етакчи. Масалан, 2024 йилда қурилиш ойналари импорти 30 миллион долларни ташкил этган. Бунда импортнинг асосий қисми оддий турдаги ранг берилган ойна маҳсулотларига тўғри келмоқда.
Жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да Божхона қўмитаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда республикамизда илк бор “Маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш” мавзусидаги "Uzbek Import Fair 2025" I-халқаро кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро брендлар, дистрибьюторлар, инвесторлар ва республикамизнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган тадбиркорлар ҳамда тижорат банкларининг масъуллари қатнашди.
Шунингдек, қўшни давлатлар билан бирга АҚШ, Венгрия, Корея, Миср, Озарбайжон, Покистон, Словакия, Кувайт, Япония каби давлатларнинг компаниялар вакиллари ҳам иштирок этди. Бу кўргазма нафақат миллий, балки халқаро ҳамкорлик платформаси сифатида аҳамиятли бўлди.
Кўргазмада биз юқорида қайд этган мавзуга доир Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш имконияти юқори бўлган, аммо энг кўп импорт қилинаётган 3 минг турдаги товарлар намойишга қўйилди. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта имконият яратади.
Чунки, ҳудудларда тадбиркорлар билан учрашувларда улар кўпинча қайси товарларга талаб юқори эканлиги, қайси маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадга мувофиқлиги ҳақида етарли маълумотга эга эмасликларини билдириб келишарди.
Кўргазма орқали эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорти юқори бўлган товарлар ҳақида аниқ маълумотлар билан таъминланди.
Дарҳақиқат, ўз кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаб кўриш имконияти берилса, ўз навбатида, тадбиркорлар янги ишлаб чиқариш йўналишларини очиш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш имкониятига янада кўпроқ эга бўлади.
Эътиборли томони тадбирда намойиш этилган маҳсулотлар 2 та павильонда 24 та тематик блокларга ажратилди. Улар орасида озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт эҳтиёт қисмлари, кимё, мебель, чарм, тўқимачилик саноати ва бошқа йўналишлар мавжуд.
Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун импорт ҳажми юқори бўлган товарларни ўрганиш, улар билан яқиндан танишиш ва ишлаб чиқариш бўйича амалий хулосалар чиқариш имкониятини яратади. Бу каби тадбирларнинг афзаллик томонлари муҳокама жараёнларида соҳа мутахассислари ва экспертлар, “ақл марказлари” ва илмий қатлам вакиллари – олим ва тадқиқотчилар, шунингдек, фаол ишлаб чиқарувчи корхоналар жалб этилади. Натижада саноатнинг кўплаб соҳаларида импортни оптималлаштириш ҳамда маҳаллий саноатни ривожлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади. Товарлар намойиши билан бирга, амалий ечимлар ишлаб чиқилиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Дарҳақиқат, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун тадбиркорларга яратилаётган шароитлар таҳсинга лойиқ. Энг муҳими, ушбу имкониятлардан фойдаланиш орқали импорт ҳажмини қисқартириш, янги технологияларни жорий этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш шароитлари ҳам яратилаётгани айни муддао.
Айрим товарлар бор уларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни бемалол йўлга қўйиш ёки мавжуд қувватларни янада кенгайтириш мумкин. Бу эса импорт ҳажмини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йилнинг 9 ойида 12 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчисига 42,2 триллион сўм божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар қўлланилди, 400 га яқин ТИФ қатнашчисига 4,1 триллион сўм божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Мазкур имкониятлардан фойдаланиш орқали нафақат импорт ҳажмини қисқартириш, балки янги технологияларни жорий этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш мумкин.
Зеро давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллийлаштириш – импорт ўрнини босиш эмас, балки нарх бўйича ҳам, сифат бўйича ҳам рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни ҳам кўпайтиришдир”, деган фикрлари айни йўналишда муҳим вазифа ҳам саналади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА