French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда қайси маҳсулотлар интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатга олинган?
22:53 / 2023-12-13

Географик кўрсаткич бўйича лойиҳа натижаси эълон қилинди

Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Адлия ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Географик кўрсаткич орқали барқарор озиқ-овқат тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг якуний семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда миллий ва халқаро экспертлар лойиҳа натижасини таҳлил этиб, келгусида мамлакатда географик кўрсаткичдан фойдаланиш амалиётини янада кенг жорий этиш масаласини муҳокама қилди.

Географик кўрсаткичга эга маҳсулотлар шунчаки товар эмас: муайян минтақанинг тарихи, анъанаси, ўзига хослигини акс эттирган ноёб қишлоқ хўжалиги, маданий, пазандалик ва гастрономик меросини ташкил этади.

Масалан, қўй сутидан тайёрланадиган ҳақиқий “Рокфор” пишлоғи географик кўрсаткичга кўра, фақат Франциянинг тарихий Руэрг вилояти ҳудудидаги ғорда етилиши мумкин. Бу – маҳсулот маълум бир ҳудуднинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланадиган ҳолат.

Юртимизда ҳам барқарор, кўп йиллик обрўга эга, келиб чиқиш жойи анъанавий билим, махсус технология билан чамбарчас боғлиқ, шунинг учун ҳам ноёб мерос сифатида намоён бўладиган кўплаб анъанавий маҳсулотларимиз мавжуд. Ҳар бир минтақа ўнлаб қишлоқ хўжалиги экини, қўл меҳнати маҳсули ёки маҳаллий гастрономик таомига эга. Фарғона водийсида машҳур Риштон сополи, Қува анори, Тўрақўрғон гилоси, Чуст пичоғи бор. Самарқанд нони, Хоразм қовуни, Паркент узуми Ўзбекистон чегарасидан ташқарида ҳам машҳур.

– Жаҳон амалиёти географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириб, ҳудудий брендлашда самарали воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатади, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – Зеро, маҳсулот танилишини таъминлаш бозор талаби ўсишига олиб келади, ишлаб чиқарилган ҳудуд обрўсини оширади.

Семинарда “Географик кўрсаткич орқали барқарор озиқ-овқат тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳасининг мақсади географик кўрсаткични кенг жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқларини ривожлантиришга ҳисса қўшиш экани айтилди. Бу ишлаб чиқарувчига маркетинг стратегиясини аниқлаш, бозор иштирокчиси, жумладан расмий ҳокимият идораси ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи гуруҳлар хабардорлигини, ўзаро қизиқишини оширишда кўмаклашади.

ФАО экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган “Географик кўрсаткич тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакатдаги географик кўрсаткичга эга товарлар интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга олинади. Ҳужжат қабул қилингандан кейинги бир йилда мамлакатимизнинг бир неча маҳсулоти – Марғилон адраси ва атласи, Қўқон пичоғи, Зомин тандир-гўшти ва Ғиждувон кабоби, шунингдек Қува анори, Риштон керамикаси, Мирзачўл қовуни ва Ўрта Зарафшон воҳаси Янтоқ асали интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатга олинди.

Анжуман якуний қисмида сўзга чиққан маҳаллий ва хорижий экспертлар Ўзбекистон географик кўрсаткичи келажаги ҳақида гапириб, бу борада ҳали кўп иш қилиниши лозимлигини таъкидлади.

Географик кўрсаткич бўйича талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби, шунингдек ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи келгусида кафолатланган қўшимча рағбатга, устуворликка эга бўлиши учун географик кўрсаткичдан фойдаланишнинг афзаллиги хусусида кенг хабардорлик зарур, деган фикр билдирилди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА