Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
“Рус дунёси” нашри Наманган шаҳрида “Кредо” шеърий театри ҳудудлар аро жамоат ташкилоти ташаббуси билан “Русский мир” жамғармаси кўмагида “Ўзбекистонда Пушкин учрашувлари” форумининг биринчи босқичи бўлиб ўтганини ёритди. Мақолада Карелия Республикаси пойтахти Петрозаводск санъаткорлари Наманганда рус мактаби қўғирчоқ театрини яратиш бўйича муваффақиятли иш бошлагани таъкидланган.

“Кичик мамлакат” ижодий маркази директори Борис Кудрявцев ва лойиҳа раҳбари, “Кредо” шеърий театри актрисаси Инга Гаевская Россия маданият марказида актёрлик, саҳна нутқи, қўғирчоқ ва театр реквизити ясаш сири бўйича тренинг ўтказишди. Наманган шаҳридаги хусусий рус мактабида “Олтин товуқ” спектакли намойиш этилди. Ёшлар “Катюша”, “Қуёшли олам”, “Антошка” қўшиқларини хор жамоаси жўрлигида куйлашди, Пушкин шеърлари, Крилов масалларидан ўқиб, рақсга тушишди.
Россия делегацияси ва Наманган вилояти ўқитувчилари иштирокида рус тили ва театр педагогикаси бўйича интенсив ўқув курси ўтказиш истиқболи муҳокама қилинди. Ҳамкорлар юртдошларимизга “Карелия халқ эртаклари” ўқув қўлланмаси тўпламини совға қилдилар.

Рус мактабида “Жонли классика” кўрик-танлови саралаш босқичида 1-4-синф ўқувчилари “Шоҳ Султон ҳақидаги эртак”, “Руҳоний ва унинг эртаклари” асарларини ёддан ўқиб, меҳмонлар олқишига сазовор бўлишди.
Карелия санъаткорлари бошланғич синф ўқувчилари билан бирга “Олтин балиқ ҳақидаги эртак” спектакли репетициясида иштирок этишди.

Жорий йил октябрь ойига белгиланган “Ўзбекистонда Пушкин учрашувлари” форумининг иккинчи босқичи доирасида Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 225 йиллигига бағишланган семинар ва концерт дастурлари ўтказилади. Шунингдек, санъат ишқибозлари Наманган шаҳридаги биринчи рус мактаби қўғирчоқ театри болалари, хусусий рус мактаби ўқитувчилари ва Петрозаводсклик режиссёр Борис Кудрявцев томонидан тайёрланган, узоқ кутилган тўлиқ метражли спектаклни ҳам томоша қилишади.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА