English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракати ривожланиши – инсон ҳуқуқи ва эркинлиги кафолати
17:58 / 2023-09-03

Жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш, унинг қонуний манфаатини таъминлаш масаласи ётади. Зеро, бусиз ривожланган фуқаролик жамиятини барпо этиб бўлмайди.

Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган, ногирон шахслар спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлаш, айни жараённи давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборда.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 22-моддасида ”Ҳар бир инсон жамият аъзоси сифатида миллий куч-ҳаракатлар ҳамда халқаро ҳамкорлик воситасида ва ҳар бир давлатнинг тузилиши, шунингдек, ресурсларига мувофиқ ижтимоий таъминотга, ўз қадр-қимматини сақлаш, шахси эркин ривожланиши учун зарур иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳадаги ҳуқуқини амалга оширишга ҳақли” дейилган.

Ўзбекистон Республикасининг мазкур қоидага ҳамоҳанг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги  Қонуни 27-моддасида шундай инсонларнинг спорт билан шуғулланишига оид ҳуқуқига алоҳида эътибор қаратилиб, давлат идоралари ва ташкилотлар уларнинг спорт мажмуалари ва иншоотларидан эркин фойдаланишини таъминлаши зарурлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ташкилотларнинг дам олиш объектларидан фойдаланишини таъминлаш мақсадида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оилалари учун жамоат бирлашмалари иштирокида қуйидаги шарт-шароитлар яратиб берилиши шартлиги мустаҳкамланган:

маданий, спорт ҳамда сайёҳлик тадбирларида иштирок этишига кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шерикликда маданий, спорт ва кўнгилочар ташкил этиш;

спорт билан шуғулланиш, мусобақалар ўтказиш ва бундай тадбирларда иштирок этиш учун зарур шарт-шароит, имконият яратиш;

фаолияти ногиронларнинг спорт билан шуғулланишини таъминлаш, уларни жамият маданий ҳаётига жалб этишга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилотларига кўмаклашиш;

барча даражадаги спорт тадбирларида иштирок этишини тарғиб қилиш ва рағбатлантиришда иштирок этиш;

спорт ва дам олиш ва сайёҳлик иншоотлари, объектларидан бепул асосда фойдаланишини таъминлаш.

Қонун билан давлат паралимпия турлари бўйича мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни ўқитиши, тайёрлаши, давлат идоралари ногиронларнинг жисмоний ҳаракат билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш, уларни спортга жалб этишга доир дастурларни нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмалари билан бирга ҳар йили ишлаб чиқиб, амалга ошириши кўрсатилган.

Бундан ташқари “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасида мослаштирувчи спорт ногиронларни, жисмоний имконияти чекланган бошқа шахсларни жисмонан реабилитация қилиш, ижтимоий мослаштиришга қаратилгани, айни жараён спорт билан шуғулланишнинг устуворлигини таъкидлаши, оммалашувини таъминлаши, очиқлик тамойилига асосланиши зарурлиги, мослаштирувчи жисмоний тарбия ва спорт усулларидан фойдаланган ҳолда реабилитация қилиш ҳамда ижтимоий мослаштириш ёндош ташкилотларда, жумладан реабилитация марказлари, ногиронларнинг жисмоний тарбия-спорт клубларида амалга оширилиши белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасига эътибор қаратамиз:

– Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилиш, инсон ҳуқуқи, асосий эркинлигига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар бир-бирини тушуниши, уларнинг ўзаро хайрихоҳлиги ва дўстлигига хизмат қилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш йўлидаги фаолиятига ёрдам бериши керак.

Ушбу меъёрга асосан, Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни спорт соҳасида таълим олиш ҳуқуқини кафолатловчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 55-моддасида Давлат жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар)нинг давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида инклюзив шаклда бепул умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим олишини таъминлаши белгиланган.

Ушбу моддада юқорида кўрсатилган тоифадаги инсонлар, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларни ўқитиш, тарбиялаш учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилиши, бундай даргоҳларда таълим олувчилар давлат таъминотида бўлиши кераклиги ҳам ифодасини топган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида масъуллар олдига жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитни, спорт билан шуғулланиш қамровини янада кенгайтириш, спорт таълими муассасаларида спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш улар орасидан иқтидорлиларни танлаб олиб, муайян спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳорати гуруҳига йўналтиришни таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш, паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, улар малакасини ошириш тизимини яратиш, илмий тадқиқот олиб бориш каби вазифалар қўйилган.

Мазкур қарорга асосан, 2022 йил 14 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Мазкур институт фаолияти паралимпия спорт турлари бўйича раҳбар кадрларни, олий спорт маҳорати мактаблари, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, спорт мактабларининг паралимпия спорт турлари бўйича йўриқчи-услубчилари ва тренерларини ҳамда шу соҳадаги бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишга йўналтирилган.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт соҳасида таълим олиш ҳуқуқини ифода этувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори га асосан, Олимпия захиралари коллежлари негизида таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи 5-даражасига мос таълим муассасаси шаклидаги олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ташкил этилди.

Бундай коллежлар ўқувчилари фақат олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича шакллантирилиши, Миллий паралимпия қўмитаси тавсиясига асосан, тегишли паралимпия турлари бўлимларига юборилаётган жисмоний имконияти чекланган ёки ногиронлиги бўлган спортчилар учун 10 фоизгача қўшимча квота ажратилиши белгиланди.

Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 6 июнда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан ушбу коллежлар негизида олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил қилиниб, ўқиш жараёни 2 босқичда амалга оширилиши – биринчи босқичда Олимпия йўналиши 5-11, паралимпия йўналиши 10-11-синфларда таълим бериладиган мактаб, иккинчи босқичда 1-2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежи фаолият кўрсатиши белгиланди.

2022 йил 6 июнда Президент томонидан “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилиниб, спорт соҳасида яна бир олий таълим муассасаси ташкил этилди.

Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади. Қабул Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчилари спорт натижаси (қоида тариқасида аъло ва яхши баҳоларга эга иқтидорли ўқувчи-спортчилар) асосида амалга оширилади. Институтга талабаларни қабул қилиш шаффоф ва очиқ танлов асосида ўтказилмоқда. Битирувчиларга “тренер”, “ҳакам”, “селекционер” мутахассисликлари берилади, мамлакатимизда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади.

Уч йиллик “мутахассислик” дастури асосида кадр тайёрлайдиган ихтисослаштирилган давлат олий таълим муассасаси шаклидаги мазкур таълим даргоҳида профессионал таълим тизимини тамомлаган битирувчилар 3 йил ўқиши қайд этилган.

Институтга олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоага аъзо ёшлар, уларнинг натижасига қараб ҳамда селекция бўйича давлат гранти асосида қабул қилинади.

Юқоридагиларга асосланиб, Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган, бугунги кунда айни йўналишда тўлақонли қонунчилик асоси яратилган, дейиш мумкин.

Яратилган кенг шароитлар натижасида юртимизда паралимпия ҳаракати жадал ривожланмоқда. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги 254 спорт мактаби, 56 спорт турларига ихтисослашган мактабда 2023 йил 1 январгача жами 173 спорт мактабида паралимпия турларига ихтисослашган гуруҳлар очилди, 2023 йилнинг 1 август ҳолатига яна 34 спорт мактаби ва 12 ихтисослашган спорт мактабида қўшимча пара спорт гуруҳлари ташкил этилди.

Ҳозир мавжуд спорт мактабларининг 207, ихтисослашган спорт мактабларининг 42 тасида паралимпия гуруҳлари фаолият юритмоқда. Натижада бугунги кунга келиб, паралимпия спорт турлари билан доимий шуғулланувчилар сони 4784 нафарга етди. Уларнинг 33 фоизи ёки 1602 нафари хотин-қизлар.

2022 йил октябрь-декабрь ойларида маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” ўтказилди. Икки босқичда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри саралаш босқичи ва республика финал босқичи шаклида ташкил этилган илк мусобақа орқали 6 мингдан зиёд ёш қамраб олинди.

2023 йил II мавсумда мазкур тадбир уч – туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичи кўринишида ўтди.

Мазкур олимпиадада иштирок этиш истагини билдирган 34 401 ногиронлиги бор ёш рўйхатга олинди. Пара енгил атлетика, пара стол тенниси, пара шахмат ва шашка ҳамда пара кибер спорт бўйича ташкил этилган “Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг якуний босқичида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Самарқанд, 2-ўринни Наманган, 3 -ўринни Фарғона вилоятлари жамолари қўлга киритди.

Паралимпия ҳаракати ривожга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси Токиода бўлиб ўтган ёзги Паралимпия ўйинларида 8 спорт тури бўйича иштирок этиб, 8 олтин, 5 кумуш, 6 бронза –  жами 19 медални қўлга киритган ҳолда 200 га яқин мамлакат иштирок этган дунёнинг энг йирик спорт анжуманида умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллади.

Вакилларимиз Осиё давлатлари орасида Хитой, Япония ва Эрон каби етакчи давлатлардан сўнг, МДҲ миқёсида Росcия, Украина ва Озарбайжондан кейин тўртинчи, Туркий давлатлар орасида Озарбайжондан сўнг иккинчи ва Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.

Айни пайт қўлга киритилаётган ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратиш талаб этилади. Масалан, вилоят, туман марказларидан олис чекка ҳудудларда ҳам эҳтиёжманд шахслар спорт билан шуғулланиши учун тўлиқ шароит яратиш лозим. Бундай ҳудудларда ҳам таълим муассасалари, спорт иншоотларига жамоат транспорти мунтазам қатновини йўлга қўйиш, уларнинг пойтахт, вилоятлар ва туман марказлари ҳамда шаҳарлардаги мавжуд жамоат транспортидан фойдаланиши учун қулай имконият яратиш долзарб бўлиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керак, юртимизда кечаётган улкан ислоҳотлар, янгиланишлар асносида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш имконияти чекланган, ногирон шахсларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш ҳуқуқи таъминланишининг яққол ифодасидир.

Олимжон Шодиев,

Паралимпия спорт турлари бўйича

мутахассислар тайёрлаш институти

директори ўринбосари