Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида Ўзбекистон ва Уммон султонлиги ҳамкорлигидаги қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини яратиш ва озиқ-овқат саноатида сифат назоратини таъминлаш бўйича лаборатория тизимини қамраб олган йирик янги агрохизмат маркази очилди.
Марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Уммон султонлиги вакиллари, дипломатлар, агрохизматлар марказлари раҳбарлари ва тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мазкур марказнинг асосий мақсади бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнидаги сифат назоратини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари маҳсулотни етиштириш жараёни яъни, сув, тупроқ таҳлиллари ва маҳсулотни қайта ишлашда турли хил қўшимча қўшиладиган химиявий моддалар ва ингредиентлар жараённи тўғри халқаро стандартларга жавоб беришини таъминлашга қаратилган ҳамда унинг назоратини амалга оширадиган лаборатория ҳисобланади.
Таъкидлаш ўринлики, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистонда дастлабки аккредитациядан ўтган халқаро марказ сифатида тан олинган. Ушбу лабораторияда “Organik”, “Globalgap ”, “Halol”, “ISO” каби халқаро сертификатлар берилиши бошланади.
Марказ бош офиси Уммонда жойлашган «Atyab International Services» ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали сифатида ташкил этилди.
«Atyab International Services» қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида юзга яқин турдаги хизматларни кўрсатади. Ташкилот лабораториялари халқаро аккредитациядан ўтказилган бўлиб, лабораториялар имкониятлари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибидаги барча моддаларни аниқлаш имконини беради. Айтиш мумкинки, ушбу марказ Ўзбекистондаги импорт ёки экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг сифат даражасини юқори аниқликда таҳлил қилувчи илк хизмат кўрсатиш марказидир.
Ушбу марказда тадбиркорлар учун катта қулайлик яратилган. Эндиликда экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлар экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун жаҳон бозорида талаб қилинадиган сертификатларни ушбу марказдан олишлари мумкин.
Ш.Отабев тайёрлади, ЎзА