Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистонда Озарбайжон мусиқаси кунлари” доирасида концерт дастури ўтказилди
20:25 / 2023-06-05

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси ва ташкилотчилигида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Озарбайжон мусиқаси кунлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилган тадбирда давлат ва ҳукумат аъзолари, дипломатлар, маданият ва санъат ходимлари, икки қардош халқ вакиллари иштирок этди.  

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов Озарбайжоннинг бой маданияти, дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси, миллий мусиқаси, муғом (мақом) санъати ҳақида тўхталиб, озарбайжон ҳамда ўзбек халқларининг тарихан яқинлиги, давлатларимиз ўртасидаги кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётган муносабатлар ҳақида гапирди.  

“Ўзбекистонда Озарбайжон мусиқаси кунлари” Ҳайдар Алиевга бағишлангани билан аҳамиятлидир.  

“Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамиятининг ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов Ҳайдар Алиевнинг Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишидаги беқиёс хизматлари ҳақида сўзлади.  

Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик юбилейи фақатгина Озарбайжонда эмас, балки барча туркий мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда кенг нишонланаётгани алоҳида эътироф этилди.  

Тадбирда таъкидланганидек, Ҳайдар Алиевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида собиқ Иттифоқ даврида Озарбайжон маданияти ва адабиёти ўзининг қайта тикланишини бошдан кечирди.  

Тадбир доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гуляноқ Маммадова “Жон Озарбайжондан жон Ўзбекистонга севги ила” номли концерт дастурини тақдим этди ва томошабинлар олқишига сазовор бўлди.  

Концертда ўзбек эстрадаси юлдузи, “Ялла” гуруҳи хонандаси Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ҳам ўз қўшиқларини тақдим этди.  

Соз устаси Илҳом Абдуллаев миллий куйларимиздан намуналар ижро этди.  

Қизғин руҳда кечган концерт дастурида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг рақс жамоаси томонидан намойиш этилган миллий рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.  

Концерт дастури ва Озарбайжон халқининг асл фарзанди Ҳайдар Алиев ҳаёти, ибратли фаолиятига оид фотокўргазма кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА