Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасига эга бўлиш учун фуқаро мураккаб синовлардан ўтиши керакми?
19:03 / 2022-09-21

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, овчи бўлишни истаган фуқаро мураккаб синовлардан ўтиши керак. Масалан, аввало, наркодиспансер, психиатр кўригидан ўтиши лозим. Ундан кейин керакли, зарурий ҳужжатлар тўпланиб, овчилик уюшмасига тақдим этилади ва фуқаро у ерда маълум вақт тегишли тартибда ўқитилади.

Қонун билан ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ов қилиш учун ажратилган ҳудудлар, овчилик ресурсларини излаб топиш нормалари, ов қилиш қоидалари, овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, ов қилиш турлари, қуроллари ва усуллари, ёввойи ҳайвонларни тутиб олганлик, отганлик учун тўлов миқдорлари белгиланган.

Ов қилинадиган ҳайвонлар популяцияси ва уларнинг яшаш муҳитининг давлат мониторинги белгиланган, ов қилиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар рўйхати ва турлари аниқлаштирилган. Шунингдек, овчилик туризми ва чет эллик фуқаролар ов қилиш имкониятлари назарда тутиладиган бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжалиги бошқармаси мутахассиси Собир Бердиев ЎзА мухбирига мазкур мавзуда қуйидагиларни маълум қилди.

– Бугунги кунда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлган Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармасида мамлакатимизнинг турли маъмурий ҳудудларида 10 та давлат ўрмон-ов хўжаликлари, 38 та овчилик ва балиқчилик хўжаликлари фаолият олиб бормоқда, – дейди Собир Бердиев. – Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасида рўйхатга олинган 38 минг овчидан қарийб 35 минг нафари ҳаваскор овчилар, 3 минг нафари эса ҳаваскор балиқчилардир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда овчилик хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш, уларни бошқаришни халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказишнинг мукаммал ташкилий-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилди.

Хусусан, ўтган 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши ва кучга кириши амалдаги тарқоқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлилигини ва яхлитлигини таъминлаш билан бир қаторда соҳадаги муносабатларни тартибга солиш имконини берди.

Аммо амалдаги Қонун ижросини ўрганиш жараёнларида ўрмон-ов ва овчилик хўжаликларида айрим камчиликларга йўл қўйилгани ҳамда соҳада баъзи муаммолар мавжудлиги ҳам маълум бўлди.

Жумладан, овчилик хўжаликларининг иқтисодий ривожланишига таъсир этувчи асосий манба – овчиларга ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаларини беришда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу эса овчилик хўжаликларида биотехник тадбирларни тизимли ва самарали ўтказиш имконини бермаяпти. Овчилик хўжаликлари ҳудудларида ноқонуний қурилишлар, сунъий кўллар барпо этилиши, чорва молларининг ўтлатилиши хўжаликлар фауна ва флорасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Белгиланган қонунчиликка кўра, мамлакатимиз ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тўлов асосида амалга оширилади. Тўловлар рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ёввойи ҳайвон учун киритилади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга йиллик квоталар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Фанлар академиясининг хулосасига асосан тасдиқланади.

ОВ ҚИЛИШ УЧУН ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ЛОЗИМ БЎЛАДИ?

Овчилик соҳасида рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд. Унга кўра, овчилик гувоҳномаси, муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, овчилик минимуми бўйича синов имтиҳонини топширган жисмоний шахсларга овчилик жамоат бирлашмалари томонидан берилади. Овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси), ёввойи ҳайвонларни тутишга доир олинган квоталар асосида берилади ва унинг эгасига мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ҳозирда Ўзбекистон фаунаси таркиби 15 мингдан зиёд умуртқасиз ҳайвонлар, 709 турдаги умуртқали ҳайвонлар, шу жумладан, 109 турдаги сут эмизувчилар, 470 турдаги қушлар, 64 турдаги судралиб юрувчилар, 63 турдаги балиқлар ва 3 турдаги амфибиялардан иборат бўлиб, янги нашрга тайёрланган Ўзбекистон Қизил китобига жами 206 турдаги ҳайвонлар киритилган. Ҳар бир давлат ўрмон-ов хўжаликларида ҳар йили мутасаддилар иштирокида ҳайвонлар саноқдан ўтказилади.

Ўзбекистон давлат ўрмон-ов хўжаликларида фақатгина шу давлатнинг ўзида овчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларгина ов қилишлари мумкин. Овчиларга асосан ёввойи тўнғиз, сибир тоғ эчкиси, қирғовул, каклик, ёввойи ўрдак, ёввойи ғоз ва баъзи ҳудудларда эса бўриларни овлаш учун йўлланма берилади.

Овчилик хўжаликлар ҳудудларида мазкур ҳудудларни овчилик хўжаликлари ҳудуди эканлиги белгиланган кўрсаткич аншлаглар, панолар ўрнатилган. Ёнғинга қарши тадбирлар амалга оширилган, шунингдек, овчилар учун йўриқномалар тайёрланган ва тарқатилган.

Аммо шунга қарамасдан ўтган 2021 йилда овчилик хўжаликларида 98 та ов қилиш, 205 та ҳолатда балиқ овлаш қоидалари бузилганлиги қайд этилиб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА