Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган нуфузли конференциянинг расмий логотипи тақдим этилди
11:35 / 2025-02-04

Маълумотларга кўра, сайёрамиз флора ва фаунасининг 25 фоизга яқини “инсон омили” туфайли йўқолиб кетиш хавфи остида. Шунинг учун мамлакатимизда ёввойи ҳайвонларнинг хилма-хил турлари, табиий галалари ва тўдалари бир бутлигини таъминлаш, уларнинг яшаш муҳити ва урчиш жойларини, кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш чораларини амалга ошириш мақсадида биотехник тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳрида 2025 йил 24 ноябрь – 5 декабрь кунлари Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES) Томонлар конференциясининг (COP20) 20-йиғилиши бўлиб ўтади.  

Ўзбекистон ҳукумати мазкур конференциянинг расмий логотипини тақдим этди. Швейцариянинг Женева шаҳрида CITES доимий қўмитасининг 78-йиғилиши доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган логотип тақдимоти бўлиб ўтди.  

–COP20 логотипи Ўзбекистоннинг ёввойи ҳайвонларни асраб-авайлашга содиқлиги рамзи бўлиб хизмат қилади. Ундаги ҳар бир элемент минтақамиз табиати, маданияти ва тарихи ўртасидаги узвий боғлиқликни акс эттирувчи алоҳида маънога эга, – деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов. – Ўзбекистон биологик хилма-хилликни сақлаш билан боғлиқ глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлган COP20га мезбонлик қилишдан фахрланади. Ишончимиз комилки, бўлажак учрашув халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёввойи табиатни муҳофаза қилишнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлади.  

Тақдим этилган логотипда Ўзбекистон миллий табиий ва маданий меросининг бир қанча элементлари - архар (тоғ қўйлари) тасвирланган қадимий петроглиф, доривор ўсимликлар ва CITES CОП20 кўргазмаси ўтказиладиган тарихий Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари акс этган. Ўрта Осиёнинг тоғли ҳудудларида учрайдиган CITES II иловасига кирувчи архарларнинг қоятош ўймакорлиги ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни асраб-авайлаш зарурлигини эслатиб туради ҳамда табиат ва минтақанинг тарихий мероси ўртасидаги боғлиқликни ифодалайди. Доривор ўсимликнинг гуллари ўсимлик дунёсининг экотизимдаги муҳим ролини ва унинг инсон саломатлиги учун аҳамиятини таъкидлайди. Айни пайтда дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва меҳмондўстлигини акс эттиради. Шаҳар нафақат учрашув ўтказиладиган жой, балки ўтмиш ва келажак ўртасидаги кўприк бўлиб, маданий ва экологик мероснинг бирлиги рамзидир.  

Учрашувда нутқ сўзлаган CITES Бош котиби Ивонн Игуеро хоним эса Ўзбекистон ҳукуматини муваффақиятли логотип билан табриклади.  

– Ўзбекистоннинг ажойиб ҳайвонот дунёси акс этган ушбу лого CITESнинг 50 йиллик табиатни муҳофаза қилиш мероси руҳини ажойиб тарзда акс эттиради ва COP20 дан ўрин олган муҳокамалар ва қабул қилинадиган қарорлар муҳим эканини ифодалайди, – дейди CITES Бош котиби.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон CITESнинг 184 та Томони (183 та давлат + Европа Иттифоқи) ҳамда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва савдо соҳасидаги кенг доирадаги манфаатдор томонларнинг учрашувига мезбонлик қиладиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатдир. “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да ўтказиладиган глобал тадбирга 4000 нафардан ортиқ иштирокчи ва делегат ташриф буюриши кутилмоқда.  

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА