Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти ва Рон Ван Роден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев жорий йилнинг 10 ойида 123,8 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланганини таъкидлади. Ўтган йилга нисбатан ўсиш 118 фоизни ташкил этди.

Қайд этилишича, ҚҚС бўйича тушумлар 33 фоиз, АОС (Айланмадан олинадиган солиқ) 40 фоизга ошган. Бундай кўрсаткичларга электрон ҳисоб варақ-фактура тизимига тўлиқ ўтиш, солиқ тўловчиларни контрагентлар тўғрисида хабардор қилиш мақсадида "Тах Гап" коэффициенти ҳамда жамоатчилик назорати воситаси – харидлар қийматининг 1 фоизини истеъмолчиларга қайтариш (кешбек) тизими жорий этилиши ҳисобига эришилди.
Мулоқот чоғида Халқаро валюта жамғармаси мутахассислари солиқ тўловчилар томонидан солиқ узилиши коэффициенти ва унинг солиқларни тўлашга таъсирлари ҳақида сўради. Йил бошида солиқ узилиши коэффициенти ўртача 0,4 ни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида бу 0,15 га камайди.

Иш ўринларини қонунийлаштириш учун шарт-шароит яратиш ва "E-ijara" кўчмас мулк ижара шартномасини рўйхатга олиш хизмати, шу жумладан жисмоний шахслар учун ҳам ишга туширилиши натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларида (ўтган йилга нисбатан 28 фоиз кўп) ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Мазкур тизимда жами 243 минг солиқ тўловчи ижара шартномасини рўйхатдан ўтказган бўлса, уларнинг 162 минг нафари жисмоний шахслардир. Умуман олганда, "E-ijara" хизмати солиқ базасини 9,5 триллион сўмга қонунийлаштириш имконини берди.
Хорижлик экспертлар солиқ хизматини рақамлаштириш солиқ қонунчилиги талабларига риоя этилиши ва солиқ мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, ҳамкасблари билан Ўзбекистон давлат солиқ хизмати органларининг солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва 2023 йилда ҚҚС ставкасини 12 фоизгача пасайтириш кутилаётгани муносабати билан бюджетга солиқ тушумларини йўқотиш бўйича хавфларни минималлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА