Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича тадқиқот ўтказилди
14:46 / 2022-10-15

Мактаблар фақатгина билим даргоҳи бўлибгина қолмай, талайгина ўспиринлар кўп вақтини ўтказадиган жойдир.

Шунга кўра, Ўзбекистон тарихида илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича халқаро тадқиқот ўтказилди. Унда ўртача ва ўта оғир хавотирда бўлган ва депрессияга дуч келган ўқувчилар ҳисоби олинди.  

 ЮНИСEФ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказган тадқиқотда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидаги 299 та мактабнинг 22 минг 854 нафар ўқувчиси иштирок этди. Тадқиқот ўспиринларнинг эҳтиёжларини, руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни яхшироқ тушунишга қаратилди.  

 Тадқиқот ўсмирларнинг руҳий саломатлигига таъсир қилувчи асосий ҳимоя ва хавф омилларини аниқлади. Ўқувчилар ва ота-оналар – стигма ва хижолат бўлиш, мактаб психологи ва руҳий саломатлик борасида бошқа жамоат ресурслари ҳақида маълумотга эга эмаслигини кўрсатиб ўтди.  

 – Ўсмирлик жуда катта имкониятларни тақдим этади ва шу билан бирга, руҳий саломатлик ва фаровонликка таҳдид солувчи омиллар сабабли алоҳида эътиборни талаб қилади, –деди ЮНИCEФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Бу ўсмирларнинг ўрганиш, қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига таъсир қилади. ЮНИCEФ ва ҳамкорлар профилактика ҳамда эрта аралашув саъй-ҳаракатларини кучайтиришга алоҳида эътибор бермоқда.  

 Тадқиқот бўйича ҳисоботда мактабларда руҳий саломатлик бўйича ўтказиладиган тадбирлар, бошқа секторлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар келтирилган. Жумладан, мақсад ўсмирлар ва ота-оналар учун огоҳ бўлишга ундайдиган ҳолатлар, хавф ва ҳимоя омиллари тўғрисида билимларни ошириш учун мактабларда руҳий саломатлик тўғрисида хабардорликни, мактаб психологларининг салоҳиятни ошириш ва маслаҳат бериш усулларини янгилаш бўйича уларнинг малакасини кенгайтириш, руҳий саломатлик учун далилларга асосланган мақсадли хизмат кўрсатиш дастурларига инвестициялар ажратиш, мактаблар билан маҳаллаларнинг ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган.  

Гулноза Бобоева, ЎзА