Миллий статистика қўмитаси берган хабарга кўра, жорий 2025 йилнинг олти ойида мамлакатимизда ўртача иш ҳақи 5 млн. 982 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоиздан кўпроққа ошган, дегани.
Маълумотларга кўра, энг кўп маош оладиганлар мамлакат пойтахти Тошкент шаҳрида – 10 млн. дан ортиқ.
Иккинчи ўринда Навоий вилояти. У ерда бу рақам 7,48 млн.ни ташкил қилади.
Учинчи ўринни эса 5,67 млн. сўм билан Тошкент вилояти эгаллаб турибди.
Энг паст кўрсаткич Қашқадарёда – 4,1 млн. сўм атрофида.
Ким, қайси соҳа вакиллари кўпроқ маош олаяпти, деган саволларга ҳам қўмита жавоб берган.
Маълумотларга кўра, молиячилар ва суғурта тизимида ишлайдиганлар ўртача 16 млн. сўмдан ортиқ маош олади.
Ахборот ва алоқа соҳаси ходимларининг маоши 14 млн.дан юқори.
Энг катта маош эса кутилганидек, дастурчиларда – уларнинг ойлик маоши 19 млн.дан юқори.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ишлайдиганлар ўртача 3,6 млн. сўм, олий ўқув юртларида ишловчилар 9,5 млн. сўм атрофида маош олишади. Боғчаларда бу рақам бор-йўғи 2,2 миллионни ташкил этади. Санъат, кўнгил очиш ва дам олиш йўналишларида ўртача ойлик иш ҳақи 5,03 млн сўм.
А.Нарзуллоев, ЎзА