Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 5,1 миллион сўмдан ошди
11:47 / 2024-10-26

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида маълум қилинишича, январь-сентябр ойларида Ўзбекистонда инфляцияни ҳисобга олмаганда ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи йиллик кўрсаткичда (2023 йилнинг январь-сентябрига нисбатан) 16,4 фоизга — 4,42 миллион сўмдан 5,15 миллион сўмга ўсди. 

Ўсиш аввалги йилларга нисбатан секинлашди. Таққослаш учун: ўтган йилнинг тўққиз ойида номинал иш ҳақи (2022 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан) 18,5 фоизга ошган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг ушбу даврида 25,4 фоизни ташкил этган эди. 

Бу даврда инфляция 10,46 фоизни ташкил этди. 

Номинал ҳисобланган иш ҳақи юридик шахсларнинг (қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик бизнес субъектлари бундан мустасно) маълумотлари асосида ҳисобланади. Ўртача иш ҳақини аниқлаш учун меҳнат дафтарчалари бўлган ишчиларнинг даромадлари, шунингдек, шахсий даромад солиғи ва касаба уюшма жамғармасига бадаллар тўланган ҳолда уларга бериладиган нафақалар, иш ҳақи, рағбатлантириш ва компенсация тўловлари ҳисобга олинади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача номинал иш ҳақи Тошкент шаҳрида сақланиб қолди, у йиллик кўрсаткичда 20,1 фоизга (2023 йил январь-сентябридаги 20,2 фоизга нисбатан) — 7,19 миллион сўмдан 8,68 миллион сўмгача ўсди. Кейинги ўринларда Навоий вилояти — 5,7 миллиондан 6,6 миллион сўмга, Тошкент вилояти — 4,4 миллиондан 4,95 миллион сўмга, Андижон — 3,85 миллиондан 4,46 миллион сўмга ва Бухоро вилоятида — 3,78 миллиондан 4,2 миллион сўмгача, Қашқадарё вилояти охирги ўринда — 3,2 миллиондан 3,63 миллион сўмгача ўсди. Иш ҳақининг ўсиш суръати ўтган йилги кўрсаткичдан фақат Сирдарё вилоятида юқори бўлди — 3,53 миллион сўмгача ўсди. 

Пойтахт ва ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи фарқи кенгайишда давом этмоқда. Хусусан, энг юқори (Тошкент) ва энг паст (Қашқадарё) иш ҳақи ўртасидаги фарқ 2,24 баробардан 2,39 баробарга ошди. 2023 йил якунига кўра бу кўрсаткич 2,25 баробар, 2022 йилда — 2,18 баробар, 2021 йилда — 2,06 баробар, 2020 йилда эса 1,97 баробарни ташкил қилган. 

Фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, молия ва суғурта соҳаларида сақланиб қолмоқда. Гарчи ўсиш суръати пасайган бўлса-да, (30,2 фоиздан 13,1 фоизга) улар бир йил давомида 12,8 миллион сўмдан 14,49 миллион сўмгача ўсди. Ахборот ва коммуникациялар соҳаси 23,7 фоизга — 10,3 миллион сўмдан 12,8 миллион сўмга, ташиш ва сақлаш соҳаси — 8,07 миллион сўмга, саноат — 6,29 миллион сўмга ошди. 

Савдо иш ҳақи бўйича қурилиш секторини ортда қолдирди — 6,04 миллион (+25%) 5,7 миллион сўм (+10,7%). 

Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи ҳамон соғлиқни сақлаш соҳасида — 2,92 миллион сўмдан 3,3 миллион сўмгача (ўтган йилги 16,4 фоизга нисбатан 12,9 фоизга ўсиш) ва таълим соҳасида — 3,05 миллион сўмдан 3,48 миллион сўмгача (17 фоизга нисбатан +14,3 фоиз) сақланиб қолмоқда. Ўқитувчилар ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати ҳам бироз секинлашди, шу сабабли бу соҳаларда иш ҳақи ва республика даражаси ўртасидаги тафовут ортди. 

Хусусан, агар 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида таълим соҳасида иш ҳақи республика даражасидан 30,3 фоиз пунктга паст бўлган бўлса, 2024 йилнинг тўққиз ойи якуни бўйича бу фарқ 32,4 фоиз пунктга ошди. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса 32,7 дан 35,9 фоиз пунктгача ўсди.

Ш.Маматуропова, ЎзА