Марказий банкнинг маълум қилишича, 2026 йил 14 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1 грамм олтин қуймаси нархи 1 миллион 852 минг сўмга етди. Эътиборли жиҳати шундаки, олтин қуймалари нархи кетма-кет учинчи кун рекорд кўрсаткични янгиламоқда.
Сўнгги уч кун ичида олтин қуймалари нархи 2,8 фоизга, ўтган йилнинг шу кунига нисбатан эса 62 фоизга ошган. Бу эса олтинни нафақат анъанавий қимматбаҳо металл, балки инфляция ва молиявий беқарорлик шароитида ишончли актив сифатида янада оммалаштираётганини кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, олтин қуймаларини банкка қайта сотиш учун қадоқ бутун ҳолда сақланган бўлиши шарт. Бунда банкнинг қайта сотиб олиш нархи сотиш нархидан 3,9 фоизга паст бўлади.
Фақат ички бозор эмас, жаҳон бозорида ҳам олтин нархи тарихий рекорд ўрнатди — 1 трой унция олтин илк бор 4 600 доллардан ошди. Маълумот учун, 2025 йил давомида олтин нархи 60 фоиздан ортиқ ўсган.
Ушбу ўсиш ҳисобига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари илк бор 65 миллиард доллардан ошди, бу мамлакат молиявий барқарорлиги учун муҳим кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА