Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда олти ойда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 316,3 триллион сўмни ташкил этган
17:46 / 2022-07-19

Марказий банк 2022 йил январь-июнь ойлари учун Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ эълон қилди.

Унда маълум қилинишича, 2022 йил январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 316,3 триллион сўмни ташкил этган.  

Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоизга ошди. Жумладан, банк кассаларига нақд пул тушумлари 152,3 триллион сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 164 триллион сўмни ташкил этди. 

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида банк кассаларига жами нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга ошган бўлса, савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар 25 фоизга ва банк хизматларидан нақд пул тушумлари 53,4 фоизга ошди. Натижада, жами тушумлар таркибида савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар улуши 2,6 фоизли бандга камайди. 

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида банк карталарига кирим қилинган маблағлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80,6 фоизга (102,3 триллион сўмга) ошиб, 229,2 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу маблағларнинг 80,1 триллион сўми – пенсия, нафақа ва иш хақи тўловлари, 67,9 триллион сўми – халқаро пул ўтказмалар бўйича ва картадан картага ўтказмалар, 47,1 триллион сўми – нақд пулда ва омонат ҳисобварақлардан банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳиссасига тўғри келган. 

Ушбу даврда банк карталаридаги 64,3 триллион сўмлик (28,1 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган. Шундан, банкоматлар орқали 50,4 триллион сўмлик ва банк кассалари орқали 13,9 триллион сўмлик нақд пуллар ечилган.  

Банкларга тушган нақд пулларнинг уларга бўлган талаб ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилди. Жумладан, Марказий банк томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 11,8 триллион сўм нақд пуллар чиқарилди ва 1 июль ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 25,6 фоизни ташкил этди. 

Ш.Маматуропова, ЎзА