Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда олти ой давомида 712 мингта автотранспорт воситалари олди-сотдиси амалга оширилган
11:11 / 2022-08-02

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида Ўзбекистон автомобиль бозоридаги ҳолат таҳлил қилинди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 712 мингта автотранспорт воситалари олди-сотдиси амалга оширилган.   Бу кўрсаткич 2021 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 2,1 баробар кўпдир.

Шуни ҳам айтиш жоиз, йил бошидан буён мамлакатнинг барча ҳудудларида автомобиль савдоси сезиларли даражада ошди. Жумладан, энг юқори ўсиш суръатлари Наманган, Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида қайд этилди.

Ўсишнинг (375 мингта) 17 фоизи республикамиздаги ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши (64,4 мингта), 1 фоизга яқини импортнинг ўсиши (2,6 мингта) ва қолган 82 фоизи иккиламчи бозор ҳажми ўсиши эвазига тўғри келади (308 мингта).

Умуман олганда, рўйхатга олинган автотранспорт воситалари умумий сонининг 24 фоизи янги транспорт воситаларидир. Бирламчи бозорда харид қилинган автомобиллар сони (маҳаллий ишлаб чиқариш – 160,3 минг, хорижий – 9,8 минг) 170 минг донани ташкил этиб, 2022 йилнинг шу даврига (103 минг) нисбатан 1,6 баробарга (+67 минг) ўсди.

Жумладан, ҳудудлар кесимида энг кўп ўсиш Тошкент шаҳрида – 1,7 баробар (+18 минг), Фарғона – 1,8 баробар (+6 минг), Самарқанд – 1,6 баробар (+5,6 минг), Хоразм – 1,8 баробар (+5,6 минг), Андижон – 1,7 баробар (+4,9 минг) ва Бухоро – 1,7 баробар (+4,8 минг) вилоятларида кузатилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойида Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказган эди.

Йиғилишда Ўзбекистонда ички талабни қондириш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлиги вазифа қилиб берилди.

Ўтган йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозорда ўртача 224 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, жорий йил бошидан буён ушбу кўрсаткич 542 минг донани (ўсиш 308 минг) ташкил этди.

Автомобиллар савдосининг бундай кескин ўсиши 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғимнинг, шунингдек, олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божи тўлиқ бекор қилиниши билан боғлиқ.

Яна бир маълумот, жорий йилнинг биринчи ярмида чет элда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситалари олди-сотди шартномалари сони 9,8 мингтани ташкил қилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга ошган.

Чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдосининг 51 фоизга яқини Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич мос равишда Тошкентда – 9 фоиз, Қашқадарёда – 7 фоиз, Самарқандда – 6 фоиз, Бухорода – 5 фоиз, Навоийда – 5 фоиз, Хоразмда – 4 фоиз ва Андижонда – 3 фоиз эканлиги қайд этилди.


Ш. Маматуропова, ЎзА