Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда ОИТС касаллиги юқишига қачон тўлиқ барҳам берилади?
19:57 / 2023-06-08

Бугунги кунда юртимизда одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) касаллиги билан 48 мингдан ортиқ шахс яшаб келмоқда.

Бу ҳақда АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясига қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар  олиб борилмоқда. Жумладан, тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб,  63 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар ОИТСга қарши кураш марказлари тасарруфига ўтказилди. Улар зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Ҳар бир вилоят юқумли касалликлар шифохоналари негизида 5 тадан 40 тагача ОИВ беморларга хизмат кўрсатадиган ўринлар ташкил этилди.

Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этди.

Беморларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекциясига чалинган болаларга ижтимоий нафақалар бериб келинмоқда. ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам бериш учун ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болалар қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминланмоқда. Бунинг натижасида 99,7 фоиз болалар соғлом бўлишига эришилмоқда.

Таъкидланишича, 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун, 2025 йилга қадар “95-95-95” стратегиясига эришиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.  Ушбу стратегияни амалга ошириш учун ОИВга текширувлар сонини янада ошириш талаб этилади. Бунинг учун ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро лабораторияларнинг ҳам бир қисмида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш лозим. “95-95-95” тамойилига кўра, ОИВ юқтирган беморларнинг 95 фоизи ўз статусини билиши, беморларнинг 95 фоизи махсус терапия билан қамраб олиниши, беморларнинг 95 фоизида вирус юкламасининг паст даражага тушишига 2025 йилгача эришиш ва 2030 йилда ОИТС касаллигининг юқишига барҳам бериш мақсад қилинган.

Севинч Яхшибоева, ЎзА