Юртимизда аҳолининг барча қатламларини, жумладан, эҳтиёжманд ва ногиронлиги мавжуд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётир.
Шу мақсадда АҚШнинг Sirakuz университети профессори, халқаро ҳуқуқ соҳасидаги таниқли олим ва ногиронларга ҳуқуқий ёрдам бериш юридик клиникаси раҳбари Майкл Шварс юртимизга ташриф буюрди.
М.Шварс инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун яратилган зарур шарт-шароитларни ўрганиш ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш мақсадида соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказди.
Хорижлик профессор Майкл Шварс Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида ҳам бўлиб, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар билан фикр алмашди.
Хорижлик олимга бу масалада Ўзбекистонда яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, нутқида ва эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган шахслар ҳуқуқий амалиётлар пайтида сурдо таржимонлар билан таъминланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан мажбурий жамоат ишлари жазоси қўлланилмайди. Ҳукм қилинган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий хулосада белгиланадиган миқдорда ва хилларда қўшимча посилкалар, йўқловлар ва бандероллар олишига рухсат этилади. Ҳукм қилинган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга ўз хоҳишларига кўра жалб этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА