Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда нечта қамоқхона бор, айни пайтда ҳибсда қанча маҳкум сақланмоқда?
18:57 / 2022-01-25

* Қамоқхонада оиласи билан яшаётган маҳбуслар бор, улар қандай шахслар?

* Умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар қайси калонияларда сақланади?

* Қамоқдан ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочишнинг жазоси нима?

Ижтимоий тармоқларда қамоқхонадан қочган шахслар жиноятга қўл ургани ҳақида хабар учраб қолади. Шунда наҳотки қамоқхонадан қочиш мумкин бўлса, деб ўйлаб қоласан. 

Хабарларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига мурожаат қилдик.

Департаментдан маълум қилишича, сўнгги беш йилда қамоқ деб аташ мумкин бўлган жазони ижро этиш муассасаларидан бирорта ҳам маҳкум қочмаган. 

Шу ўринда аниқлик киритиб ўтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда 54 та жазони ижро этиш колонияси мавжуд бўлса, шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналари ҳисобланади. 

Ўша 18 та ёпиқ турдаги колонияга рухсатсиз кириш ҳам, чиқиш ҳам мумкин эмас ва улар қатъий қўриқланади. Уларни том маънодаги қамоқ деб аташ мумкин ва бу муассасалардан ҳеч ким қочмаган. 

Айни пайтда жазони ижро этиш тизимида 29 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 22 мингдан ортиқ маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

Жиноят ижроия кодексида қайд этилишича, жазони ижро этиш муассасалари жумласига жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар, тарбия колониялари, турмалар, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар киради. 

Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради.

Ўз навбатида жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Тарбия колониялари эса вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Турмалар вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Манзил-колонияларда маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланади. Улар эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RD1r4vwMKx8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари ҳам мумкин. Улар ёпиқ турдаги муассасалардаги каби махсус кийимда эмас, балки фуқаролар киядиган кийимда юрадилар. Ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлаши, пулдан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин. Чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашиш, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин. 

Манзил-колониялардаги маҳкумлар чекланмаган миқдорда учрашув олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар одатда ишдан бўш вақтда берилади. Учрашув маҳкумнинг илтимосига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида ўтказилиши мумкин.

Бундай маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайди. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки ундан ташқарида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин. Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.

Уларга ҳатто муассаса жойлашган ердаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан ўқишга рухсат этилади.

Албатта, қаттиқ тартибли колонияларда жазони ўташ тартиби бундан кескин фарқ қилади. Бундай маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар. Улар беш марта қисқа муддатли ва беш марта узоқ муддатли учрашув, саккиз марта телефон орқали сўзлашув, саккизта посилка ёки йўқлов, саккизта бандероль олиш ҳуқуқига эга.

Махсус тартибли колонияларда умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар сақланади. Улар камераларда ёки умумий яшаш биноларида яшайдилар. Бундай маҳкумлар ҳуқуқлари нисбатан камроқ. Камераларда сақланадиган маҳкумларнинг кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриши тақиқланади.

Маҳкумлар қайси жазони ижро этиш муассасасидан бўлишидан қатъи назар, белгиланган тартибга риоя этиши шарт. Тартибни бузганлар албатта, қилмишига яраша жазоланади. 

Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик эса Жиноят кодексига кўра жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. 

Жумладан, озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карсерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмишлар ўта хавфли рецидивист; оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм этилган шахс томонидан содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қамоқдан ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочиш эса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қочиш баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказган ҳолда; ўта хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маълумотларга кўра, Жиноят кодексида кўрсатилган бундай жазога ҳукм қилинганлар яқин йилларда учрамаган. 

Демак, кўриниб турибдики, мамлакатимиздаги қатъий тартибли колониялар, яъни қамоқхоналардан маҳкумларнинг қочиши имконсиз. Қолаверса, бунинг оғир оқибатини маҳкумлар ҳам яхши билади.

Норгул Абдураимова, ЎзА