French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда нархлар барқарорлиги қандай таъминланади? (+видео)
14:00 / 2026-02-26

Нархлар барқарорлиги аҳолининг харид қобилиятини сақлаш, бизнес фаоллигини ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, нархлар барқарорлиги қандай таъминланади, нархлар қандай қилиб “ушлаб турилади”?

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси доценти Маърифат Ибодуллаева билан суҳбатда ана шу саволларга жавоб изладик. 

– Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида инфляция макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди Маърифат Ибодуллаева. – Нархлар ўсишига таъсир қилаётган асосий ички омиллардан бири – талаб ва таклиф мувозанати. Аҳоли даромадлари ошиши, кредитлаш ҳажми ва истеъмол фаоллиги нархларга босим қўяди. 
Айниқса, айрим товарлар ва хизматлар таклифи талабга мос келмаса, нархлар кўтарилиши мумкин.
Электр энергияси, табиий газ ва сув тарифлари ишлаб чиқариш харажатларига таъсир қилади, бу эса маҳсулот ва хизматлар нархини оширишга олиб келади.

Миллий сўм қадрсизланганда импорт товарлари қимматлашади ва ички бозорда нархлар тезроқ кўтарилиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар инфляцияни кутса, олдиндан нархларни кўтариши ёки товарларни захира қилиши мумкин. Бу ўз-ўзини рағбатлантирувчи жараён сифатида инфляцияни кучайтириши мумкин.

Ўзбекистон очиқ иқтисодиётга эга давлат сифатида ташқи бозорлардаги ўзгаришларга ҳам боғлиқ. Жаҳон бозорида нефть, озиқ-овқат ва металл нархлари ошса, импорт харажатлари кўпайиб, ички нархлар барқарорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, глобал молиявий бозорлардаги фоиз сиёсати, халқаро капитал оқими ва валюта курсларидаги тебранишлар ҳам миллий иқтисодиётга таъсир этади. Ташқи савдо шерикларининг иқтисодий ҳолати эса экспорт тушумлари ва валюта оқими орқали ички нархларга таъсир қилади.

– Нарх барқарорлигини сақлаш учун қандай механизмлар жорий этилган?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инфляция даражаси босқичма-босқич пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда. Бунинг сабаблари пул-кредит сиёсатининг қатъийлашуви, бюджет интизоми, бозор механизмларининг ривожланишидан иборат.

Марказий банк инфляцияни мақсадли кўрсаткич доирасида ушлаб туриш сиёсатига амал қилади.

Қисқача айтганда, нархлар барқарорлигига таъсир қилувчи омиллар ички ва ташқи йўналишга бўлинади. Ички омиллар орасида талаб-таклиф мувозанати, тариф сиёсати ва валюта курси асосий аҳамиятга эга, ташқи омиллар эса жаҳон бозоридаги нархлар ва глобал иқтисодий жараёнлардир.

Барқарор инфляцияни таъминлаш изчил макроиқтисодий сиёсат, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва рақобат муҳитини мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади. Бу чора-тадбирлар узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. 

– Марказий банкнинг асосий ставка бўйича қарорлари бозордаги нархларга қанчалик тез ва самарали таъсир қилади? 

– Асосий ставка Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатидаги асосий фоиз кўрсаткичи ҳисобланади. У тижорат банклари учун молиявий ресурслар қийматини белгилайди. Агар ставка оширилса, кредитлар қимматлашади, иқтисодиётда пул айланмаси қисқаради ва талаб пасаяди. Бу эса инфляцион босимни камайтиришга хизмат қилади. 

Ставка ошса, кредитлар қимматлашади ва талаб пасаяди, бу инфляцияни камайтиради. Ставка пасайтирилса, иқтисодий фаоллик рағбатланади, лекин нархлар ўсиши тезлашиши мумкин.

Ўзгаришлар одатда вақт талаб қилади. 1-3 ойда депозит ва кредит фоизлари, 3-6 ойда талаб ва инвестициялар, 6-12 ойда инфляция сезилади ва нархларга таъсир қилади.

Ставка самараси банк рақобатбардошлиги, инфляцион кутишлар ва ташқи омилларга боғлиқ. Шунинг учун у инфляцияни тўлиқ назорат қила олмайди ва комплекс сиёсат билан уйғунлашганда самарали бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, логистика занжирларини диверсификация қилиш ва рақобат муҳитини кучайтириш орқали импорт инфляцияси таъсирини камайтириш мумкин. 

Шунингдек, валютани кескин тебранишлардан ҳимоя қилиш макроиқтисодий барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. 

Содда қилиб айтганда Ўзбекистонда валюта курси ўзгариши импортга боғлиқ товарлар нархига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Айниқса импорт улуши юқори сегментларда бу боғлиқлик тез ва яққол намоён бўлади. Шу боис валюта барқарорлиги ва ички ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш нархлар барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 

– Давлат бюджет харажатларининг ортиши инфляцион босимни кучайтириши мумкинми? 

Маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, логистика занжирларини диверсификация қилиш ва рақобат муҳитини кучайтириш орқали импорт инфляцияси таъсирини камайтириш мумкин.

Ўзбекистонда валюта курси ўзгариши импортга боғлиқ товарлар нархига сезиларли таъсир кўрсатади, айниқса импорт улуши юқори сегментларда. Шу боис, валюта барқарорлиги ва ички ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш нархлар барқарорлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ўзгаришига қандай омиллар сабаб бўлмоқда? 

– Озиқ‑овқат нархларининг ўзгариши кўп омиллар билан боғлиқ ва улар бир вақтда таъсир кўрсатганда нархлар тезлашган ҳолда кўтарилиши ёки тушиши мумкин. Масалан, Марказий банкнинг 2025 йилги таҳлилига кўра, умумий инфляциянинг шаклланишида талаб ва таклиф омиллари деярли тенг ҳисса қўшмоқда — таклиф томони омиллари озиқ‑овқат нархларининг ўсишида муҳим рол ўйнади. 

Бир неча жиҳатни алоҳида таъкидлашимиз керак. Мавсумий омиллар ва захира етарли эмаслиги озиқ‑овқат нархларининг тез ошишига сабаб бўлади, айниқса мева‑сабзавот ва бошқа экинлар бўйича. Баъзан бир мавсумда ҳосил кўпайса, нархлар пасаяди, кейинчалик захиралар камайганда қайта кўтарилади. Бу ҳодисалар ўзгарувчан озиқ‑овқат бозорини шакллантиради. 

Чунки, баъзи озиқ‑овқат товарлари, айниқса гўшт маҳсулотлари, импортга боғлиқ. Масалан, 2025 йилда гўшт нархлари инфляциядан тезроқ ошиб боргани кузатилди, бу импорт ҳажмининг ўсиши ва ички ишлаб чиқариш ривожининг секинлашиши билан боғлиқ. 

Озиқ‑овқат бозорида мавсум ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, янги ҳосил кирган даврда сабзавот ва мева нархлари пасайиши мумкин. Аммо бир мавсумдан кейинги сақлаш ва транспорт харажатлари қайта нархни оширади. Шунингдек, захиралар етарли даражада бойитилмаган бўлса, бозорда таклиф етишмовчилиги пайдо бўлади ва нархлар ўсади. 

Ҳозир давлат озиқ-овқат бозорида барқарорликни таъминлаш тизимларини жорий этмоқда. Масалан, Президент томонидан йил давомида бозорда нархларни муҳофаза қилиш ва стратегик захираларни бошқариш тизими жорий этилиши ҳақида қарорлар қабул қилинган. Бу тизим қаттиқ нарх бўронлари ёки жуда тез ўзгаришлар ҳодисаларидан ҳимоялашга қаратилган. Содда қилиб айтганда, озиқ‑овқат маҳсулотлари нархининг кескин ўзгариши бу ягона омилдан келиб чиқмайдиган, бир неча иқтисодий, мавсумий ва ташқи шароитлар натижасидир. 

Айниқса, таклиф ва талаб балансининг мувозанатсизлиги, импорт ҳамда ички ишлаб чиқариш даражаси, мавсумий омиллар ва захира билан боғлиқ таҳлиллар, давлатнинг бозорни барқарорлаштириш чоралари бирлашганда, бозорда нархлар тез ва динамик равишда ўзгариши кузатилади. 

Аҳоли кундалик харидда кўпроқ эҳтиёткор бўлиши, мавсумий маҳсулотларга қараб харид қилиш ва бозор нархларини кузатиб бориши керак. Давлат томонидан жорий этилаётган тизимлар эса узоқ муддатда нархлар барқарорлигини сақлашга хизмат қилади. 

– Гўшт, айниқса, мол ва қўй гўшти нархлари бозорда сезиларли даражада ошиб бормоқда. Мазкур тенденция қандай омиллар билан боғлиқ? 

– Кўриниб турибдики, гўшт нархининг ўсиши бир қанча структуралашган омиллар билан изоҳланади. Масалан, Марказий банк маълумотига асосан, 2025-2026 йилларда мол ва қўй гўшти нархлари умумий инфляциядан анча юқори темпда ўсди. Шу билан бирга, гўшт нархлари умумий нархлар индексида алоҳида ўсиш кўрсатди: суякли мол гўшти 23,8 фоиз, суяксиз мол гўшти 25 фоиз ва қўй гўшти 27,2 фоизгача қимматлади. 

Ўзбекистонда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми дунё бўйича бироз ўсиб бораётган бўлса-да, унинг ўсиш суръати 3-4 фоиз даражасидан 2025 йилда тахминан 1,5 фоизга пасайди. Бу импортга боғлиқликни оширди ва ички таклифни мустаҳкамлашни қийинлаштирди. 

Ҳеч кимга сир эмас, гўштни қўшни давлатлардан импорт қиламиз. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон гўшт ва гўшт маҳсулотларини 869 миллион доллар қийматда импорт қилди, бу йиллик бўйича олдинги йилга нисбатан сезиларли ошишини кўрсатади. Мол гўшти импорти ҳам ҳажман ва қийматан катта ўсди.

Мамлакатимизда чорвачилик ривожланиши учун зарур бўлган экинлар, чўпонлик майдонлари ва етиштириш ресурслари чекланган. Масалан, жазирама иқлим, сув танқислиги ва ўсимлик еми учун майдонлар чекланган бўлиши маҳсулотни қимматлаштиради. Бу омиллар бозордаги таклифни чуқурлаштиради ва нархларни оширади. 

Жаҳон миқёсида гўшт нархлари ҳам юқори тенденцияни намоён этмоқда. Жаҳон бозорида мол гўшти нархлари 60 йил ичида энг юқори даражага кўтарилаётгани маълум қилинган. Бу бутун дунё бозоридаги озиқ‑овқат хавфсизлиги ва инфляция босими билан боғлиқ мураккаб ҳолатларнинг натижасидир ва Ўзбекистоннинг ички бозорига ҳам таъсир қилади. 

Ривожланган иқтисодлар билан солиштирганда Ўзбекистонда гўшт нархлари ҳали ҳам нисбатан арзон бўлиб қолмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, гўшт нархи Марказий Осиё мамлакатлари орасида иккинчи арзон мамлакатлар қаторида турувчи даражада. Бу бозордаги нархлар ҳолатининг умумий муносабатини кўрсатади. 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашиши ҳақиқатан ҳам содда инфляциянинг натижаси эмас. Бу ички ишлаб чиқариш ўсиши сустлаши, импортга боғлиқлик ошиши, таклиф томони омиллари ва халқаро бозор тенденциялари натижасидир. Ушбу омиллар биргаликда нархлар динамикасини шакллантирмоқда ва аҳоли савдоси учун муҳим аҳамиятга эга. 

– Яқин истиқболда инфляция даражаси бўйича қандай прогнозлар мавжуд? 

– Сўнгги йилларда инфляцияни жиловлаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш Ўзбекистоннинг асосий макроиқтисодий вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Аввал давлат режаларида 2025 йил якунларига кўра инфляцияни 5 фоиз даражасига тушириш вазифаси белгиланган эди, аммо маьлум сабабларга кўра бу амалга ошмади. 

Марказий банкнинг 2026-2028 йилларга оид пул‑монетар сиёсати йўналишларида “инфляцияни 5 фоиз мақсад даражасига тушириш” узоқ йиллар учун белгиланган вазифа эканлиги тасдиқланган. Режа бўйича, 
2026 йил охирида инфляцияни тахминан 7-8 фоиз атрофида, 2027 йилда эса инфляцияни 5 фоизга тушириш режалаштирилган.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/s26UNwK3yjk" title="O‘zbekistonda narxlar barqarorligi qanday ta’minlanadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА